Украина уруши янги хавфни очиб берди: «Ҳизбуллоҳ» Исроилга қарши оптик толали ФПВ дронлар билан ҳужум қилмоқда

Украина уруши янги хавфни очиб берди: «Ҳизбуллоҳ» Исроилга қарши оптик толали ФПВ дронлар билан ҳужум қилмоқда

Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи Исроилга қарши ҳужумларда янги авлод ФПВ дронларидан фаол фойдаланмоқда. Оптик толали кабел орқали бошқариладиган бу дронлар замонавий ҳаво мудофаа тизимларини ҳам четлаб ўтишга қодир экани айтилмоқда.

ВВС Verify хизмати 26 мартдан буён эълон қилинган 35 та ҳужум видеосини таҳлил қилди. Кадрларда Ливан жануби ва Исроил шимолидаги ҳарбий техника, ҳаво мудофаа тизимлари ҳамда аскарларга берилган зарбалар акс этган.

Мутахассислар таъкидлашича, кичик ва арзон ФПВ дронларини аниқлаш жуда қийин. Улар оддий 3Д-принтер деталларидан йиғилиши мумкин, аммо қимматбаҳо ҳарбий нишонларни йўқ қилишга қодир.

Экспертлар буни Украина урушида шаклланган янги ҳарбий тактиканинг Яқин Шарққа кўчиши сифатида баҳоламоқда. Арзон дронлар энди миллиардлаб долларлик мудофаа тизимлари учун жиддий таҳдидга айланмоқда.

Исроил томони дрон хавфини тан олди ва армия янги ҳимоя тизимлари ҳамда аскарлар тайёргарлиги учун катта ресурс ажратаётганини билдирди.

Исроил ОАВ маълумотларига кўра, ФПВ дронлари ҳужумлари оқибатида тўрт ҳарбий ва бир фуқаро ҳалок бўлган, ўнлаб одамлар яраланган.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: