АҚШ Ирондаги қизлар мактабига берилган даҳшатли зарбани тан олди!
АҚШ Ирондаги қизлар мактабига берилган зарбани илк бор тан олди: Америка армияси Марказий қўмондонлиги раҳбари Брэд Купер айнан ўша ерда Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг (ИИҚК) қанотли ракеталар базаси жойлашганини даъво қилди.
Вашингтон Эроннинг Минаб шаҳридаги қизлар мактабига берилган ҳаво зарбасини очиқдан-очиқ тан олди. АҚШ армияси Марказий қўмондонлиги раҳбари Брэд Купер Конгрессдаги чиқишида Пентагон разведка маълумотларига таяниб, мактаб биносида айнан ИИҚКнинг қанотли ракеталари базаси жойлашган бўлганини баён қилди.
Бу талқинга Эрон Ташқи ишлар вазирлиги кескин муносабат билдирди:
«Дарс соатларида фаолият юритаётган таълим муассасасига ҳужум қилиш халқаро гуманитар ҳуқуқни қўпол равишда бузиш ҳисобланади ва бу — шубҳасиз ҳарбий жиноятдир. Объектнинг фуқаровий мақомини техник баҳоналар ва сўз ўйинлари билан яшириб бўлмайди», — дейилади Эрон ташқи сиёсат маҳкамаси баёнотида.
NYT: АҚШ Эрондаги мактабга берилган зарба учун жавобгардир
Аввалроқ, «The New York Times» газетаси ушбу ҳодисани сўнгги ўн йилликлардаги энг даҳшатли ва вайронкор ҳарбий хатолардан бири деб атаган эди.
Ҳужум АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши қўшма операциясининг биринчи кунида содир бўлган бўлиб, унинг оқибатида 170 га яқин инсон ҳалок бўлган. Бу фожиа Пентагон фойдаланадиган «Palantir» компаниясининг дастурий таъминоти (сунъий интеллект платформаси) билан боғланмоқда. Гап шундаки, айнан ушбу сунъий интеллект тизими маълумотларни нотўғри таҳлил қилиб, ўқув муассасасини бомбардимон қилиш ҳақида хато тавсия шакллантирган.
Шу билан бирга, «Palantir» компанияси дастур фақат катта ҳажмдаги маълумотлар базасини таҳлил қилишини рўкач қилиб, содир бўлган воқеа учун ҳар қандай жавобгарликни ўз бўйнидан соқит қилмоқда.
