Трампнинг Эронга нисбатан кейинги ҳаракатлари бўйича учта сценарий кўриб чиқилмоқда

Трампнинг Эронга нисбатан кейинги ҳаракатлари бўйича учта сценарий кўриб чиқилмоқда

Яқин Шарқдаги вазият икки ойлик нисбий сокинликдан сўнг яна кескинлашди. Эрон томонидан Баҳрайндаги АҚШ ҳарбий базасига дронлар орқали ҳужум уюштирилгани, Вашингтон эса минтақага учинчи авианосецни жойлаштиргани ҳақида хабарлар тарқалди.
Шу билан бирга, Теҳрон АҚШга нисбатан олдиндан зарба бериш эҳтимоли ҳақида огоҳлантирмоқда. Германиянинг BILD нашри Дональд Трамп маъмуриятининг Эронга нисбатан кейинги ҳаракатлари бўйича учта эҳтимолий сценарийни келтирди.

Биринчи сценарий — ҳарбий амалиётларни қайта бошлаш.

The New York Times маълумотларига кўра, АҚШ ва Исроил Эроннинг энергетика инфратузилмаси ҳамда иқтисодий объектларига янги зарбалар бериш имкониятини кўриб чиқмоқда. Axios нашри хабарларида Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳам ҳарбий амалиётларни қайта бошлаш тарафдори экани таъкидланган.

Иккинчи сценарий — дипломатик босимни кучайтириш.

Трампнинг Хитой раҳбари Си Цзиньпин ва Россия президенти Владимир Путин билан учрашувларида Эрондаги вазиятни муҳокама қилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган. Вашингтоннинг минтақадаги ҳарбий иштироки Хитойга нисбатан босим воситаси сифатида ҳам қўлланилиши эҳтимолдан холи эмас. Чунки Хитой Эрон нефтининг энг йирик харидорларидан бири ҳисобланади.

Учинчи сценарий — денгиз блокадасини давом эттириш.

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Теҳронга нисбатан иқтисодий босим етарлича кучайгани сабабли янги ҳарбий зарбалар зарур бўлмаслиги мумкинлигини билдирган. Ушбу ёндашувга кўра, Эронга нисбатан иқтисодий ва денгиз орқали босимни сақлаб қолиш устувор йўналиш бўлиши мумкин.

Айни пайтда дипломатик музокаралар учун ҳам имконият сақланиб қолмоқда. Эрон ташқи ишлар вазирининг Уммонга ташрифи Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги мулоқотни давом эттириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этиши мумкин.

Шундай қилиб, АҚШ маъмурияти олдида ҳарбий амалиётларни қайта бошлаш, дипломатик босимни кучайтириш ёки иқтисодий-денгиз блокадасини давом эттириш каби вариантлар мавжуд. Кейинги қарорлар Яқин Шарқдаги геосиёсий вазиятнинг ривожланишига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: