«Бизнес вайрон бўлди!»
2011 йил эди. Чўнтакда пул бор, юракда шижоат. Ҳеч ким билан маслаҳатлашиб ўтирмай, бозордан бир зумда оқ рангли Ласетти сотиб олдим. Шундан кейин «акция» бошланди — атрофдаги юзлаб «гений» таниш-билишларнинг текин маслаҳатлари ёғила кетди.
Биринчи бўлиб киракаш жўрам келиб, пешонасини қашлади: — Эҳ ошна, қуллуқ бўлсину, лекин катта хато қилибсан. Шуни ўрнига иккита Дамас олганингда, ҳозир киракашлик орқасидан пулнинг тагида қолиб кетардинг!
Кўп ўтмай қассоб акахоним пайдо бўлди: — Барака топгур, шу темир-терсакнинг ўрнига 52 та мол олиб қўймапсан-да! Яқинда гўштнинг нархи учга қараб учади, бойиб кетардинг!
Қурувчи танишим эса ундан ҳам ўтказиб юборди: — Зўр, лекин шу пулнинг ўрнига 80 тонна цемент билан икки мингта шифер олиб қўйсанг бўлмасмиди? Кузда қурилиш мавсумида роса соққа қилардинг…
Хуллас, бунақа ақлли маслаҳатларнинг кети узилмади. Рости, ўша кунлари дўстларимдан фикр сўрамай, дунёдаги энг катта «хато»ни қилиб қўйгандек ҳис қилдим ўзимни. Фақатгина кўчада менга ўхшаган юзлаб «аҳмоқлар» Ласетти миниб юрганини кўриб, салгина хотиржам бўлардим.
Аммо… орадан олти ой ўтди. Машина минишнинг файзи қолмади: енгилгина аварияга учрадим, устига-устак бу матоҳдан роса зерикдим. Олти ой ичида тинимсиз ҳайдаб, спидометрни 47 000 км га етказиб қўйган эканман. Машинани сотиш учун бозорга олиб чиқдим.
Ана томоша-ю, мана томоша! Машинафурушлар машинанинг юрганини кўриб, юзимга солишди, роса сўкиб, айб топишди… Аммо энг қизиғи охирида содир бўлди: мен ўша «айбли», урилган ва 47 минг юрган Ласеттини ўзим сотиб олган нархимдан нақд $1700 фойдаси билан сотиб юбордим!
Қассобнинг моли, қурувчининг цементи, киракашнинг Дамаси четда қолди. Бозор барибир ўз сўзини айтди.
Хулоса: Дўстлар, барибир маслаҳатлашиб туринглар. Баъзан бошқаларнинг «хато» деган қарори сизга кутилмаган омад олиб келиши мумкин!
