Ўзбекистон Эрон халқига навбатдаги инсонпарварлик ёрдамини юборди

Ўзбекистон Эрон халқига навбатдаги инсонпарварлик ёрдамини юборди

Ўзбекистон Эрон халқига яна бир бор амалий кўмак кўрсатди. Дастлабки инсонпарварлик ёрдами юборилганидан икки ой ўтиб, мамлакатимиз томонидан Эронга навбатдаги гуманитар юклар етказиб берилди. Бу сафарги ёрдам таркибидан дори воситалари ва турли тиббий буюмлар ўрин олган.

Маълумотларга кўра, инсонпарварлик юки 15 та юк машинасида етказилган. Бу ёрдам, аввало, оғир вазиятда қолган аҳолига тиббий жиҳатдан кўмак бериш, зарур дори-дармон ва тиббий воситалар билан таъминлашга қаратилган.

Гуманитар юк Туркманистон–Эрон чегарасидаги “Артик–Лютфобод” назорат-ўтказиш пунктида Эрон томонига тантанали равишда топширилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Топшириш маросимида Ўзбекистоннинг Туркманистондаги элчиси Равшан Алимов, Эроннинг Туркманистондаги элчиси Али Мужтабо Рўзбеҳоний, Дарғаз шаҳри ҳокими Мужтабо Базмара ва бошқа масъул шахслар иштирок этди. Тадбирда икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатлар, ўзаро ҳурмат ва қийин дамларда бир-бирини қўллаб-қувватлаш анъаналари алоҳида таъкидланди.

Эрон томони ушбу синовли пайтда кўрсатилаётган амалий ёрдам учун Ўзбекистон президенти ва халқига самимий миннатдорлик билдирди. Бундай кўмак оғир вазиятда нафақат моддий ёрдам, балки маънавий далда сифатида ҳам катта аҳамиятга эга.

Таъкидланганидек, мазкур инсонпарварлик ташаббуси Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги анъанавий дўстлик, яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик руҳининг яна бир ёрқин ифодаси бўлди. Қийин дамда кўрсатилган ёрдам халқлар ўртасидаги ишонч ва яқинликни янада мустаҳкамлайди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон томони уруш домида қолган Эрон халқига инсонпарварлик ёрдамининг дастлабки партиясини шу йил март ойи ўрталарида юборган эди. Навбатдаги ёрдам эса ушбу эзгу ташаббус изчил давом этаётганини кўрсатмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: