Вашингтон оёғи куйган товуқдай типирчиламоқда!..
Вашингтон ва Рамаллаҳ ўртасидаги дипломатик кескинлик энг юқори нуқтага чиқди. АҚШ Давлат департаменти Фаластиннинг БМТдаги доимий вакили Рияд Мансурга нисбатан очиқдан-очиқ босим ва таҳдид қилишни бошлади.
Нью-Йорк халқаро майдонида кутилмаган можаро авж олмоқда. Нуфузли «NPR» нашрининг хабар беришича, расмий Вашингтон Фаластин элчиси Рияд Мансурдан БМТ Бош Ассамблеяси вице-президентлигига қўйилган номзодини зудлик билан қайтариб олишни талаб қилмоқда.
2 июнгача муҳлат: Бажарилмаса нима бўлади? АҚШ томони Фаластин делегациясига қатъий шарт қўйган: агар 2 июнь куни бўлиб ўтадиган сайловларгача номзод қайтариб олинмаса, Вашингтон Нью-Йоркдаги бутун Фаластин дипломатик миссиясининг визаларини бекор қилиш ва уларни мамлакатдан ҳайдаб чиқариш билан таҳдид қилмоқда.
Вашингтон нимадан қўрқмоқда? Кузатувчиларга кўра, Оқ уй Рияд Мансурнинг БМТдаги таъсири ва обрўси ошишидан жиддий хавотирда. Мансур Ғазо секторида Исроил томонидан амалга оширилаётган ҳарбий ҳаракатларни «геноцид» деб атаб, халқаро минбарлардан туриб кескин ва ҳиссиётларга бой нутқлар сўзлаши билан танилган. Агар у Бош Ассамблея вице-президенти лавозимини қўлга киритса, Фаластин овози дунё саҳнасида янада баландроқ ва мақомлироқ янглай бошлайди. Бу эса АҚШ ва Исроилнинг геосиёсий манфаатларига мутлақо зиддир.
«Бу контрпродуктив тактика» — Собиқ дипломатлар ҳайратда АҚШнинг собиқ юқори мартабали дипломатлари ҳам Давлат департаментининг бу қадамидан шокка тушганини яширишмаяпти. Уларнинг фикрича, оппонентларни визадан маҳрум қилиш билан таҳдид қилиш — музокаралар майдонини бутунлай вайрон қилади ва АҚШнинг дунёдаги обрўсига путур етказади.
Бироқ, Фаластин-Исроил масаласида тизилган «гаров» шу қадар баландки, Вашингтон халқаро дипломатия қоидаларини четга суриб қўйишга ҳам тайёр кўринади. Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.
