Қуда томон суриштирса бизлардан ҳам айб топар…

Қуда томон суриштирса бизлардан ҳам айб топар…

УМР САВДОСИ
Хуршида ишдан келса, Қумри хола айвон ўртасида чўккалаб олганча кўрпа қавиб ўтирибди. Энкайиб олгани учунми, муштдек гавдаси янаям кичрайиб қолганга ўхшайди. Хуршиданинг онасига раҳми келди. Бечорага қийин. Бир йилдирки, Тўлқинжонни уйлантириш ташвишида. Тўй қилиш осонми? Гоҳ униси етишмайди, гоҳ буниси.
— Бўлди энди, ойи, чарчаб қоласиз, — деди Хуршида сумкасини айвон бурчагидаги стулга қўйиб. — Тўй эртага бошланаётгани йўқ-ку!
Қумри хола бошини кўтарди. Оёқлари увушиб қолган экан, оғриқдан юзи буришиб тиззаларини уқалади.
— Кўнглим ғаш, болам, — деди тўсатдан.
Хуршида тушунмади.
— Нима бўлди?
— Эрталаб борсам, дарвозаси тақа-тақ ёпиқ. Аввал оқшомдан ётиб олиб, кеч пешингача ухлайди шекилли булар.
Хуршида кулиб юбормаслик учун тескари қаради. Кампири тушмагур-эй! Бундан чиқди хўроз қичқирмасдан қуда бўлмишникига борган. Ўзининг каллаи саҳарлаб боргани билинмайди-ю, айбни қудаларга ағдаряпти. Нуқул юлдузи чап келяпти-да шулар билан!
— Қиз бола деган кун ёйилгунча ётмайди, ялпайиб!! — Қумри хола писанда қилди. — Дарвозасининг олди супурилмаган…
Қумри холанинг одати шу. Саҳарлаб туриб олади. Хуршида эсини таниши билан униям шунга ўргатган. «Қиз бола уй жиғадек тахт бўлиши керак, уят бўлади», деб азонлаб ҳовли супуртиради.
— Келиннинг акаси ичаркан. Униям эшитдим! — деди Қумри хола ҳамон ўша тажанг оҳангда. — Отасиниям оғзи шалоқ, дейишяпти.
Онасининг кейинги даъвоси Хуршидага ёқмади. Ўзи-ку: «Уйланасанми, йўқми? Танлаганингни айт», деб Тўлқинжонни ҳоли жонига қўймадилар. Охири, Тўлқинжон ёқтирган қизини айтди. Қумри хола уч-тўрт марта совчиликка бориб «оқ ўраб» келди. Аммо негадир кейин айниб қолди. Гоҳ келинни дангаса дейди, гоҳ қуда холани эзма, дейди. Мана, энди акасининг ичиши баҳона бўлиб турибди.
— Келин ҳам ичарканми, ойи, бир сўрамапсиз-да, — деди Хуршида ачитиб.
Қумри хола ип қатимини шаҳд билан тортаркан, Хуршидага чақчайиб қаради.
— Таппи-таппидан узоққа тушмайди, билдингми?
— Бизлар ҳам оппоқ эмасмиз-ку, ойи! — деди Хуршида. — Қуда томон суриштирса бизлардан ҳам айб топар. Мана, мен… — У бир зум жим қолди-ю, хаёлига келган гапни қайтармади: — Мениям турмушим бузилган. Улар ҳам суриштириб юргандир. Куёвнинг опаси нега эрдан чиққан, деб. Гапни ковласа гап чиқаверади-да!
Қумри хола тўсатдан мунғайиб қолди.
— Сенинг турмушинг бузилган бўлса… Шу иш шунақа бўлганига… Ўзинг сабабчисан… Энди Тўлқиннинг турмуши шунақа бўлмасин, дейман-да, болам.
Онасининг бирдан бўшашиб қолиши, таскин оҳангида гапириши Хуршидага оғир ботди. Душманинг тош билан ургани нимаю, дўстинг пахта отгани нима? Йўқ, онаси таъна қилаётгани йўқ. Ачиниб гаприяпти. Шунақа-ю, бари бир қалампирни шакарга ботириб еган билан ширин бўлиб қолмайди-да.
Хуршида силтаб-силтаб игна тортаётган онасига бир зум қараб турди-да, индамай ичкарига кириб кетди. Шу топда у ойиси кетидан мўлтираб қараб қолганини ҳис қилар, ҳис қилган сайин юраги эзиларди.
Қиз бола бўйига етганидан кейин ғалати бўларкан. Ўз уйингда ота-онанг бағрида турасан-у, бари-бир бу хонадон эртами-индин сенга бегона бўлиб қоладигандек, гўё албатта қандайдир ўзгариш бўлиши шартдек туюлаверади.
Хуршида, айниқса, совчилар келганида буни чуқур ҳис қилар, шунинг учун эшикдан узун-қисқа бўлиб кириб келаётган хотинларни кўрса, аллақандай бегонасираб турарди. Бора-бора уларни кўрса ғаши келадиган бўлди. Қумри хола бўлса, совчилар билан очилиб-сочилиб сўрашар, куёв бўлмишни ипидан-игнасигача суриштирарди. Совчилар кетгандан кейин Хуршидага насиҳат қиларди:
— Қизлик уй — бозор, болам! Шоҳ ҳам келади, гадо ҳам. Бошингда отанг бўлмаса. Муносиб жойингни топгин, дейман-да, қизим.
Хуршида тутақиб кетарди:
— Ҳеч қанақа бозор-позорни билмайман, тушундингизми? Менга даллол керакмас.
Шундай дерди-ю, ҳаётида қандайдир ўзгариш рўй беришини кутиб юрарди. Бу ўзгариш тўртинчи июнь куни бўлди. Шу куни у ўн тўққиз ёшга тўлган эди. Кечқурун ательеда бирга ишлайдиган дугоналарини уйга чақирмоқчи бўлди. Бозорга тушди. Чиллаки, гилос, янги помидор харид қилгунча кун қизиб кетди. Бир қўлида сумка, бир қўлида тўрхалта кўтариб бекатга келди. Аксига олиб автобус ҳам келавермади. Бир маҳал қизил люкс «Жигули» осойишта силкиниб Хуршидадан хиёл нарироқда тўхтади. Хуршида қўл кўтармагани учун ҳам эътибор бермади. Лекин ёша томондан овоз келди:
— Қаёққа боарсиз, синглим?
Бир оздан кейин бояги савол яна қайтарилди:
— Сизга айтяпман.
Шундагина Хуршида бу гап ўзига тегишли эканини билиб, бурилиб қаради. Машинасининг рангига мос — қизил водолазка кийиб олган йигит бир оёғи ичкарида, бир оёғи ерда, шу томонга қараб турарди.
— Қаёққа борасиз? — деди у яна.
Хуршида «собственний» машинага ўтиришни умуман хушламасди. Ҳозир ҳам чимирилиб:
— Ҳеч қаёққа! — дедию тескари қараб олди. У моторнинг гувиллашини, машина жўнаб кетишини кутиб турарди. Чиндан ҳам эшик қарсиллаб ёпилди. Аммо мотор гурилламади. Бояги йигит унинг рўпарасида пайдо бўлди.
— Қўлингизда юкингиз кўп экан, — деди Хуршидага жиддий тикилиб.
Хуршида унинг силлиқ таралган сочларига, чимирилиб турган қошига бир лаҳза қарадию кўзини олиб қочди:
— Қанча сўрайсиз?
Йигит кулиб юборди:
— Савоб ҳам керак-ку одамга!
— Унақа бўлса ўтирмайман.
Йигит яна кулиб унинг сумкасига қўл чўзди:
— Бўпти, бензин ҳақини берарсиз.
Хуршида машинанинг паролон ғилоф қопланган орқа ўриндиғига ўтираркан, йигит сўради:
— Қаёққа ҳайдай?
— Кўкчага!
Хуршида энди уйга етгунча бир оғиз ҳам гапирмасликка аҳд қилди.
Анчагача индамай кетишди. Хуршида йигитнинг рўпарадаги ойначадан ўзига қараб қўяётганини ҳис қилар, шунинг учун кўчаларни томоша қилиб борар эди.
— Иссиққа қолиб кетибсиз? — деди йигит орқага бурилиб. Хуршида мўйлов қўйган йигитларни ёмон кўрарди. Аммо ҳайдовчининг мўйлови ўзига жуда ярашиб тушганини ичидан тан олди. Индамай кетаверди. — Иссиққа қолиб кетибсиз, дейман? — Йигит яна саволини қайтарди.
— Шундоқ бўлди! Энди отимни сўранг! Қаерда ўқишимни сўранг! Иложи бўлса, йигитим бор-йўғлигини ҳам билиб олинг! — Хуршида бу гапларни шу қадар жаҳл билан бидир-бидир қилиб айтиб ташладики, ўзиям ҳайрон қолди.
Йигит бунақа зарбани кутмаган бўлса керак, анчагача жимиб қолди. Кейин орқасига қарамасдан секингина гапирди:
— Ўзининг туғилган кунида ўзи бозор қилган одамни биринчи кўришим.
Энди Хуршида эсанкираб қолди. Худди унинг юзини яхшироқ кўриб олгиси келгандек олдинга эгилди.
— Сиз… Қаёқдан биласиз? — деди кўзларини пирпиратиб.
— Мен ҳамма нарсани биламан! Телепатман. — Йигит орқасига қараб жилмайди. Шунда Хуршида унинг мўйлови ўзига ярашганини яна бир бор ҳис этди-ю, хаёлига келган фикрдан уялиб, кўзини олиб қочди. — Сиз ҳеч нимани айтмай қўя қолинг, — деди йигит ҳамон жилмайиб. — Отингизни ҳам, бугун неча ёшга тўлганингизни ҳам, ҳаммасини биламан. Сиз бўлса мени билмайсиз. Шуям инсофданми? Келинг, сиз ҳам мени таниб олинг. Отим — Анвар…
Хуршида қараса гап гап билану машина бошқа ёққа бурилиб кетяпти.
— Кўкча у ёқдамас, — деди у овозини баландлатиб. — Ё йўлни билмайсизми?
— Биламан! Бир минутга!
Зум ўтмай машина пастак, ойнабанд магазин рўпарасида тўхтади. Анвар кўча четидаги цемент ариқчадан ҳатлаб ўтди-да, магазинга кириб кетди. Хуршида ўтираверишини ҳам, тушиб кетишни ҳам билмай турган эди, Анвар ичкаридан бир сават гул кўтариб чиқди. Хуршида шундагина бу гул магазини эканини билди.
Анвар негадир орқа эшикни очиб, саватдаги гулни шундоққина Хуршиданинг оёғи тагига қўйди.
— Нима қиляпсиз? — деди Хуршида оёғини нари суриб.
— Туғилган кунингиз билан чин қалбимдан табриклайман. Илоё бахтли бўлинг! — Анвар қўлини шунақа қойилмақом қилиб кўксига қўйдики, Хуршида кулиб юборди:
— Артистмисиз, нима бало?
— Артист бўлсам, жон дердим. Эплолмайман. Аспирантман.
Анвар рулга ўтирдию машинани ғизиллатиб ҳайдаб кетди. Қизиқ, энди у Хуршидаларнинг кўчасига етгунча бир оғиз ҳам гапирмади. Фақат Хуршиданинг юкларини, саватдаги гулни тушираётганда секингина: «Яхши дам олинглар», деб қўйди.
Хуршида ҳеч қачон туғилган кунини бунчалик хушчақчақ нишонламаган эди. Қизлар билан роса ўйнашди, ярим кечагача хурсандчилик қилишди. У ора-чора негадир Анварни эслаб қўяр, аммо ёша заҳоти уни хаёлидан ҳайдашга уринарди. «Яхши йигит экан. Одамгарчилиги бор экан. Шу билан нима бўпти? Энди қайтиб кўришамизми, йўқми? Кўчада учраган бир одам-да!»
Шунақа деб ўйларди-ю, бари бир кўнглида ноаниқ умидга ўхшаш бир нарса айланаверарди. Кечаси меҳмонларни кузатаётганида худди ўша машина яна келиб қоладигандек беихтиёр атрофга аланглади. Эртасинга, индинига, кўчаларда юрганида ҳам қизил «Жигули» кўринса бурилиб қарайдиган бўлди. Орадан бир ҳафтами, ўн кунми ўтди. У энди Анварни хаёлидан чиқара бошлаганида яна кўришиб қолишди. Хуршида узоқдан келаётган қизил «Жигули»ни кўрдию негадир юраги жиз этди. Машина унинг рўпарасига келиб тўхтади.
— Ўқишга кетяпсизми? — Анвар ўтирган жойида чўзилиб эшикни очди. Хуршида иккиланиб орқа ўриндиққа ўтираркан, унга қараб қўйди.
— Ўқишга киролмаганман, ишлайман, эътиборингиз учун! — деди таъкидлаб. — Мен тўғримда ҳамма маълумотга эга одам шуниям билмайсизми?
Анвар кулди:
— Очиғини айтсам, отингизниям билмайман.
— Қизиқ бўлди-ку! — Хуршида елка қисди. — Бўлмаса туғилган кунимни қаёқдан билдингиз?
— Кўзингиздан! — Анвар жилмайди… — Қалай, зиёфат яхши ўтдими?
Хуршида индамай бош силкиди.
— Ўша куни сизнинг бахтингиз учун мен ҳам ичдим.
— Ёлғон! — Хуршида қўл силтади.
— Ёлғон гаприсам, ёрилиб ўлай!
Хуршида кулиб юборди.
— Қўйинг, ҳали бола-чақангизга керак бўласиз.
— Шунақами, а? Айта қолинг, сизга жудаям керакманми?
Хуршида гап суюқлашиб кетаётганлигидан ғаши келди-ю, аммо шунга яқинроқ мавзу давом этишини бари бир хоҳларди. Шунинг учун индамай қўя қолди.
Эртасига Анвар унинг ишдан чиқишини пойлаб турди. Ўзининг ишхонасига олиб борди. Кибернетика бўйича илмий иш қилаётган экан. Ҳозирча лабораторияда кичик илмий ходим бўлиб ишларкан. Хуршида аллақандай чизмалар, ялтироқ аппаратлар билан тўла нимқоронғи хонага кириб қолди.
— Бизнинг ишимиз суратлар билан боғлиқ, — деб тушунтирди Анвар. — Хоҳласангиз, сизниям суратга тушираман…
Ўша кундан бошлаб у Анварнинг лабораториясига тез-тез бориб турадиган бўлди. Лабораториянинг ярим қоронғилиги ҳам, турли вазиятларда суратга тушиш ҳам энди уни чўчитмас эди.
Уйда бўлса совчилар бозори қайнар, Қумри хола ҳар куни янги гап топиб қўярди. Куёв бўлмишнинг бири завуч эмиш, яна бири «пекарнийда» ишларкан. «Матасикли» бормиш. Тағин биттаси «пераводнийлик» қиларкан. Москвадан гилам олиб келаркан.
… Бир куни Хуршида онасининг рўпарасига ўтириб олди-да, очиқ-ойдин қилиб айтиб қўя қолди:
— Қинғир-қийшиқ совчиларингизга айтиб қўйинг, ойи! Менинг танлаганим бор. Эскилик сарқитидан қачон қутуласиз?
Онаси Хуршида кутгандек сапчиб тушмади. Фақат сўради:
— Ким ўзи у? Қанақа одам?
— Яхши одам. Аспирант. Яқинда олим бўлади. — Онаси бировнинг «матасикли»ни гапиргани учун Хуршида ҳам атайлаб қўшиб қўйди: — Машинаси бор, «Жигули».
Эртасига у уйига совчилар кўп келаётганини гап орасида қистириб қўйди. Анвар одатдагидек масалани кўндаланг қўйди:
— Бўпти, эртагаёқ ЗАГСга ариза топширамиз.
Ҳамма иш кўнгилдагидек кетаётганида Қумри холанинг қайсарлиги тутиб қолди. Иккала оёғини бир этикка тиқиб туриб олди.
— Менинг кўчада қолган қизим йўқ! Уйланадиган одам беш-олти марта совчи юборади, одам қўяди. Отини билмасам, зотини билмасам. Йўқ, бўлмайди!
Хуршиданинг бир кулгиси келар, бир жаҳли чиқарди.
— Нимага тушунмайсиз, ойи? Беш марта совчи юбориш деган қонун қаерда ёзилган? Анвар ака Қашқадарёдан келган. Ота-онаси ёшлигида ўлиб кетган экан. Даллолнинг нима кераги бор?
— Ота-онаси бўлмаса, қариндош-уруғ бордир, ишхонаси, хўжайинлари бордир. Ўзим бораман.
Хуршида кулди:
— Ишхонасига борганингиз билан сиз нимани тушунардингиз? Кибернетикага ақлингиз етадими? Ўзим минг марта борганман ишхонасига, билдингизми!
Қумри хола бари бир бўш келмади:
[18.05.2026 16:17] Newton Heath: — Сен эчки эмассанки, дуч келган одамга етаклатиб юборсам. Бўлмайди.
— Балки ҳали қалин ҳам сўрарсиз?
— Таг-тахтини суриштирмай туриб бермайман! Бўлмайди.
Қумри хола бўлмайди, дегани билан тўй тахтаб қолмади. Анварнинг тоғаси бор экан, ўша ўртага тушди. Тўй бошландию Қумри хола зада бўлган қушдек мунғайиб қолди.
Баҳор кунлари ғалати: тўсатдан жала қуядию ер-кўкни шалаббо қилиб юборади. Кетидан ярқ этиб офтоб чиқади. Олам яшнаб кетади. Замину осмон тароватли бир исдан — баҳор исидан маст бўлиб қолади. Хуршиданинг ҳаётида ҳам шундай бўлди. У Анварни бутун вужуди билан тўсатдан севиб қолди. Муҳаббати эвазига бахт қуёши унга жилмайиб боқдию бутун дунё яшнаб кетгандек бўлди. Қизил лентани кўндаланг тақиб олган ЗАГС мудирасининг нутқи, пешонасига қўғирчоқ қўндирилган машинада сайр қилишлар, гул иси май ҳидига қовушган чароғон ресторан… У бахтиёр эди. Бахт деган лаззатли туйғу ҳаётига шунчалик тез кириб келганига баъзан ўзи ҳам ҳайрон қоларди. Назарида онаси ҳам уни тушунгандек эди. Фақат тўйдан кейин Қумри хола Анварнинг Юнусободдаги икки хонали уйига бормади. Умуман бормади. «Зиёни йўқ, ойим шунақа бир ловиллайдилару ўчадилар», деб юпатди Хуршида эрини.
Тўйдан кейин бир ҳафта ўтгач, никоҳ сайлига чиқишди. Августнинг ўрталари эди. Бунақа пайтда денгиз янги соғилган сутдек илиқ бўларкан. Бир куни икковлари ойдин кечада чўмилишди. Қизиқ, Хуршида сузган сайин қўлининг учидан сачраган томчилар худди марвариддек ярақлаб кўринарди. Бундай лаззатли манзарани худди шунақа пайтда денгизда чўмилган одамгина билади. Хуршида қорайиб, янаям ҳусни очилиб қайтди.
Бир куни Анвар ишдан ташвишлироқ қиёфада келди.
— Чамадон тайёрланг, — деди тўсатдан.
— Яна қаёққа борамиз?
— Сиз эмас, мен кетаман. — Анвар энди осойишта тушунтирди. — Илмий ишим бўйича Ленинградга боришим зарур бўлиб қолди. Домла чақирибди.
— Анчагами? — Хуршида бирдан ичи ҳувиллаб қолгандек, эрига термилди.
— Нари борса, бир ой.
Хуршида кузатиб қўймоқчи эди, Анвар уни аяди. Вокзалга чиқартирмади.
Икки хонали каталакда Хуршида ёлғиз қолди. Ҳовлида, маҳаллада одамнинг ёлғизлиги билинмайди. Аммо секцияда бир кун танҳо қолган киши ёрилиб кетай дейди. Бунақа жойда қўни-қўшнилар нимагадир саломлашишдан нарига ўтмайди. Хуршида уч кунда сиқилиб кетди. Ишга борай деса, Анварнинг гапига кириб бўшаб олган. У ўз уйига борди. Қумри хола ҳалиям жаҳлидан тушмаган экан. Хуршида икки кун турган эди, секингина тушунтирди:
— Узатилган қиз уйга келиб ётиб олмайди. Қўни-қўшнилар ҳалитдан гап қиляпти.
— Бўлмаса юринг бизникига, — деди Хуршида.
— Йўқ, болам. Оғзимга сўз олганман.
Хуршида умрида биринчи марта онасини ёмон кўриб кетди. Она деган ҳам шунчалик бемеҳр бўладими? У уйига келди. Телевизор, билан андармон бўлди. Ҳар кун йилдек чўзилар, аксига Анвардан на хат, на хабар бор эди. Баъзан Дилбар деган ўртоғи келиб турар, аммо унинг ҳам ўз тирикчилиги бор эди. Кундузи ишга боради, кечқурун ўқишга…
Бир оқшом эшик жиринглаб қолди. Хуршида очиб қараса, «сим» рўмол ўраган аёл, дўппи кийган олти-етти ёшлардаги бола турибди. «Қишлоқдан келишибди, — деб ўйлади Хуршида аёлнинг ялтироқ рўмолига, беўхшовроқ осилиб турган жемперига қараб. — Адашган одамларга ўхшайди». У ҳамроҳ топилганига қувонгандай беихтиёр ичкарига таклиф қилди.
— Келинглар! — деди йўл бўшатиб.
Аёл дадил ичкарига кирди. Бола шўхгина экан. Бирпасда югуриб бориб магнитофон қулоғини бурай бошлади.
— Акбар, тек ўтир! — деди аёл жеркиб. Кейин Хуршидага қаради. — Сиз Хуршидахонсиз-а?
Хуршида ҳайрон бўлди.
— Мен сизни танимайроқ турибман, — деди ийманиб.
— Таниб қоларсиз. — Аёл хотиржамлик билан жемперини ечиб стул суянчиғига ташлади. Унинг беписандлиги, киноя қилиб гапириши Хуршиданинг ғашига тегди. «Ким ўзи бу? Нимага олифтагарчилик қилади?».
— Кимсиз ўзи? — деди у қошини чимириб.
— Кетдими? — Аёл негадир илжайди. — Анча бўлдими?
— Ким кетади?
— Узум обкетдими, тарвузми?
Хуршида шахд билан ўрнидан туриб кетди.
— Менга қаранг! — деди таҳдид билан. — Майнавозчиликни йиғиштиринг! Кимсиз ўзи?
Аёл ўғлига қараб қандайдир нотабиий, асабий қийқириб кулди:
— Даданг Сибирга кетибди, ўғлим. Узум обкетибди. Шу ерда кутиб ўтирсанг, сенга велосипед олиб келади.
Болакай кўзларини катта-катта очиб онасига тикилди:
— Қачон, буви, қачон?
— Унисини манави аячангдан сўрайсан! — деб аёл Хуршидани кўрсатди. яна ўша ғайритабиий оҳангда кулди. — Қачон қайтаман деган Акбарнинг дадаси?
Хуршида ниманидир тушунгандек бўлдию ичида бир нарса узилиб кетди. Бемадор бир ҳолатда эшикка суяниб қолди.
Аёл тантана қилгандек яна қийқириб кулди.
— Сизниям машинасига ўтқазиб, қўлга туширдими? Сизгаям аспирантман, дедими? Сизниям тўй бўлмасидан «ишингизни тўғрилаб» қўйдими? «Ҳеч кимим йўқ, етимман», дегандир? Бир ой ичида тўй қилдими? «Свадебний путешестия»га олиб боргандир, ҳойнаҳой? Энди илмий иш билан Ленинградга кетган бўлса керак.
Аёл ҳар гапи билан Хуршидага бир тарсаки тушираётгандек бўлар, бундан роҳатлангандек ваҳшийларча қийқириб кулар эди:
— Ленинградда пишириб қўйгани йўқ! Новосибирскка кетган. Узум обкетган.
Хуршида бошидан ҳуши учиб бораётганини ҳис қилиб турар, юраги гурсиллаб урар эди.
— Ёлғон! — У ер тепиниб чинқириб юборди. — Ёлғон! Ёлғон!
Кейинги дақиқада у ваҳшийларча кулаётган хотинга ташланди. Бошидаги «сим» рўмолига чанг солди. Аммо шу он изтиробга тўла бир чинқириқ янградию Хуршиданинг қўллари ҳавода муаллақ қотиб қолди.
— Буви! Бувижон! — Боядан бери магнитофон олдида ўралашиб юрган болакай ўқдек отилиб келиб онасига ёпишди. Шундагина Хуршида аёлнинг кўзларидан оқиб тушаётган ёшни кўрди. Аёл негадир каловланиб ўрнидан турди. Бир қўли билан боланинг бошини силай бошлади, бир қўли билан Хуршиданинг елкасдиан қучди.
— Пешонанг шўр экан, синглим! Кўзингга қарасанг бўлмасмиди? — Шундай дедию елкалари силкиниб йиғлаб юборди.
Ўша кеча тун бўйи икки «кундош» ҳасратлашиб чиқишди. Бола ухлаб қолган, уй нимқоронғи, аёлнинг овози ғамгин, аммо ўктам эди. У асли андижонлик экан. Техникумда ўқиб юрганда Анварнинг қўлига тушибди. Эс-ҳушини йиғиб олгунча, Анварнинг иккинчи хотинига айланиб қолибди.
— Сиз учинчисисиз! — деди у қандайдир киноясиз оҳангда. — Хоразмда ҳам хотини бор. Аммо ишни пишиқ қилади. Законний ажрашади.
Хуршида ич-ичидан тошиб келаётган йиғини аранг босиб ётарди. «Законний» ажрашганининг нима фойдаси бор? Бу билан дарди енгиллашармиди?
Анвар ҳеч қанақа олим эмас, сураткаш экан. Гоҳ у, гоҳ бу институт лабораториясида сураткаш бўлиб ишлаб юраркан. Кузда аллақандай шериклари билан Сибирь шаҳарларига бориб узум сотаркан. Манави кооператив уйлару машиналар, ресторанлару денгиз саёҳатлари шундан экан. Хуршида бу гапларнинг туш бўлиб қолишини жуда хоҳларди. Қани энди тўхтовсиз гапираётган мана шу хотин ҳам, диванда пишиллаб ухлаётган анави бола ҳам туш бўлса. Туш бўлсаю у уйғониб кетса. Йўқ, туш бунақа бўлмайди!
— Балки, бирон нарса тама қилиб келди, дерсиз. Йўқ, ҳеч нима керакмас. Тошкентда қариндошларимиз бор. Шуларникига келувдим. Бу гапларни эшитиб қолиб, сизни огоҳлантириб қўйгим келди. Агар яхши кўрсангиз, маҳкам ушланг. Анвар туллак йигит.
… Она-бола зинадан тушиб кетаётганида Хуршида бирдан уйга югурди. Кеча болакай ўйнаган японча магнитофонни столдан юлиб олди-да, зиналардан чопиб тушди.
— Ма, Акбар! — деди болага тутқазиб. — Бари бир шу… сеники.
Кундоши қаршилик қилган эди, қўймади.
— Бари бир менга керакмас. Энди керакмас.
Ловиллаб турган гулханга сув сепилса нима бўлади? Аччиқ, бўғувчан ҳовур кўтариладими? Ҳозир шундай бўлди. Хуршиданинг ловиллаб турган муҳаббатига сув сепилди. У ўзининг аччиқ ҳовурига ўзи бўғилиб қолди. Нима қилди у? Нима қилиб қўйди? Ширин гапларига учдими? Мўйловигами? Бир сават гулигами? Машинасигами? Балки жарақ-жарақ пулларига учгандир. Нимасига учди? Ҳаммасига! Машинасида катайса қилиш ёқармиди? Ёқарди. Жудаям ёқарди. Ресторанларга кириш, денгизга бориб чўмилиш, қоронғи лабораторияга кириб ўпишиш ёқармиди? Ёқарди. Ўзи-ку сураткашни аспирантдан, чайқовчини олимдан ажратолмас экан, нега суриштирмади? Нега онаси суриштираман деса, бир чеккага йиғиштириб қўйди? Эскилик сарқити, деб тўйга ҳам чандон аралаштирмади. Эскилик сарқити эмиш! Сарқит ким?! Ойисими, ўзими?! Ойисининг кўнгли бир нарсани сезгардирки, оёқ тираб туриб олгандир.
У Анвар келса нима қилишини билмас эди. Албатта, бўйнига олмайди. Уйланганини ҳам, боласи борлигинини ҳам айтмайди. Ана ўшанда боплайди. Шунақа бопласинки, эркак бўлганига минг пушаймон қилсин.
Қизиқ, Анвар ҳеч нимадан бўйин товламади.
— Нима қипти? Аввалги хотинларим билан законний ажрашганман. Узум масаласи… Нима, мен ўғирлик қилаяпманми? Одамларнинг хожатини чиқараяпман. Буям савобли иш… Илмий иш ҳам бўпқолар. Бирон мирзақуруқ домлага «қуруғидан» чўзсам, уч ойда номзодлик диссертациясини ёзиб беради.
— Нега мени алдадингиз? — деди Хуршида аламдан тўлғаниб.
— Қизиқ экансиз, тўйни тезлаштиринг, деган менми, сизми?
Хуршида алам ичида уни тарсакилаб юборди, Анвар бир ранги ўчди-ю, индамади.
— Бўлдими? — деди кулишга ҳаракат қилиб. — Аламингиздан чиқдингизми энди?
Хуршида бу одам билан ўрталарида каттакон жарлик пайдо бўлганини ҳис қилди. Бу жарлик икковларини икки соҳилга улоқтириб ташлади. Ким билсин, балки илгари ҳам жарлик бўлгандир-у Хуршида кўрлик қилиб нариги соҳилга қадам босгандир.
… Айвон томондан Қумри холанинг товуши келди.
— Тўлқинжоннинг тўйи юришиб қолди, овсинжон! Шунақа-ю, кўнглим ғашроқ. Келиннинг акаси ичаркан. Отасиниям оғзи шалоқроқ дейишади.
— Синанг, ўргилай, обдан синанг. Қуш уясида кўрганини қилади. Кейин куйиб алангасига исиниб ўтирманг, овсинпошша!
1979 йил
Ўткир Ҳошимов
Дўстларингизга ҳам юборинг: