Каспий денгизи қурияпти – БМТ

Каспий денгизи қурияпти – БМТ

Дунёдаги энг йирик ички сув ҳавзаси ҳисобланган Каспий денгизининг сув сатҳи тобора пасайиб бормоқда. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Атроф-муҳит дастури хабар берди.

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, келгуси ўн йилликда денгиз сезиларли даражада саёзлашиши мумкин. Унинг қирғоғи чекиниши сунъий йўлдош тасвирларида, янги пайдо бўлган қумлоқларда ҳамда қирғоқдан узоқлашиб қолаётган портлар ва балиқчилар қишлоқларида яққол кўзга ташланган. Олимлар сув сатҳи келгуси 50 йил давомида ҳам сезиларли даражада пасайишда давом этишини тахмин қилмоқда.

Бу ҳолат Каспий денгизи қирғоғида яшовчи миллионлаб инсонларнинг турмуш тарзи ва иқтисодий фаолиятига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Денгиз сатҳининг пасайиши оқибатида портлар қирғоқдан узоқлашиб, юк ташиш ва савдо жараёнлари мураккаблашмоқда. Балиқчилик билан шуғулланувчи аҳоли эса балиқ заҳираларининг камайиши ва балиқ овлаш ҳудудларининг ўзгариши туфайли даромад йўқотиш хавфи билан юзлашиши мумкин. Бундан ташқари, янги очилиб қолаётган қуруқлик майдонлари чанг ва туз бўронларининг кўпайишига сабаб бўлиб, бу атроф-муҳит ҳамда инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши эҳтимолдан холи эмас.

Каспий денгизининг қисқариши экологик муаммоларни ҳам кескинлаштирмоқда. Денгиз кўплаб ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги турларга бошпана ҳисобланади. Хусусан, Каспий дунёда сақланиб қолган осётр балиқларининг қарийб 90 фоизига яшаш муҳити яратади. Айнан шу балиқлардан қимматбаҳо қора икра олинади. Осётрлар ҳаёт циклининг муҳим қисмида денгиздан дарёларга сузиб ўтиб, у ерда тухум қўяди. Бироқ, сув сатҳининг пасайиши туфайли бу балиқларнинг кўпайиши учун зарур бўлган дарё дельталарига етиб бориши тобора қийинлашмоқда. Оқибатда осётрларнинг табиий кўпайиш жараёни хавф остида қолмоқда. Мутахассислар бу жараён давом этса, Каспий экотизимининг мувозанати издан чиқиши ва денгизнинг биологик бойликлари сезиларли зарар кўриши мумкинлигини айтган.

“Кўп одамлар учун Каспий денгизи уларнинг кимлиги, хотираси, анъаналари ва турмуш тарзининг бир қисмидир”, дейди Озарбайжон Президентининг иқлим масалалари бўйича вакили идорасининг катта маслаҳатчиси Фаиг Муталлимов.

Маълумот учун, Каспий денгизи Европа ва Осиё оралиғида жойлашган бўлиб, дунёдаги энг йирик ички сув ҳавзаси ҳисобланади. У Россия, Қозоғистон, Туркманистон, Эрон ва Озарбайжон қирғоқларини ювиб туради. Каспийнинг майдони тахминан 371 минг квадрат километрни ташкил этади ва у Ер юзидаги энг катта кўл саналади. Океанлар билан табиий боғланишга эга бўлмагани сабабли географик жиҳатдан кўл ҳисобланганига қарамай, улкан ҳажми ҳамда шўр суви туфайли “денгиз” номи билан аталади.

Дўстларингизга ҳам юборинг: