Саудия Арабистони Шаҳзода Султон авиабазасига қилинган ҳужум ҳақидаги хабарларни рад этди
Саудия Арабистони Мудофаа вазирлиги Шаҳзода Султон авиабазасига зарба берилгани ҳақида тарқалган хабарларни инкор қилди. 8 июнь куни эрталаб база жойлашган Ал-Харж ҳудудида огоҳлантирувчи сиреналар янграгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Ушбу авиабазада АҚШ ҳарбий кучлари ҳам фаолият юритади.
Саудия Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, сиреналар Ямандан учирилган баллистик ракета сабабли эҳтиёт чораси сифатида ишга туширилган. Вазирликнинг ижтимоий тармоқлардаги баёнотида айтилишича, ракета Саудия Арабистони чегараси яқинида радарлардан йўқолган.
Яқин Шарқдаги вазият 7 июнь куни яна кескинлашди. Исроил армияси Ливандаги Ҳизбуллоҳ ҳаракати ҳужумларига жавоб тариқасида Байрутдаги нишонларга зарба берди. Бундан сўнг Эроннинг Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Исроил ҳудудига ракета ҳужумлари уюштирди.
Орадан бир кун ўтиб, Эрон Қуролли кучларининг Ҳазрати Хотам ал-Анбиё марказий қўмондонлиги Исроилга қарши олиб борилган операциялар якунланганини маълум қилди.
Расмий баёнотларга кўра, Шаҳзода Султон авиабазасига тўғридан-тўғри зарба берилгани ҳақидаги маълумотлар тасдиқланмаган.
