Россия Украинадаги урушга давлат бюджетининг ярмини сарфлай бошлади – немис иқтисодчиси тахлили
Берлиндаги Фан ва сиёсат жамғармаси (SWP) эксперти Янис Клюге 2026 йилнинг январ-март ойлари якунлари бўйича шундай баҳо берди. Унинг маълумотларига кўра, ушбу даврда Россиянинг ҳарбий харажатлари янги максимал даражага — 5,9 триллион рублга етган.
Бу федерал бюджет жами харажатларининг 46 фоизини ва Россиянинг тахмин қилинаётган йиллик ЯИМнинг қарийб 2,5 фоизини ташкил этади. Ҳарбий харажатлар 2025 йилнинг биринчи чорагидагига қараганда 30 фоизга кўпроқ бўлиб чиқди.
«Агар биринчи чорак кўрсаткичлари йилнинг қолган қисмидаги вазият учун ўлчов деб қабул қилинса, 2026 йилда ҳарбий харажатлар ЯИМнинг 9-10 фоизига етиши мумкин», — дея таъкидлади Клюге.
Унинг ҳисоб-китобларига кўра, ҳарбий харажатлар ҳажми Россия федерал бюджетининг худди шу чоракдаги даромадларининг учдан икки қисмига тенг. Клюге январ-март ойларида Россияда солиқ тушумлари 8,3 триллион рублни ташкил этганини аниқлади. 5,9 триллион рубллик ҳарбий харажатлар эса ушбу сумманинг 71 фоиздан кўпроғи демакдир.
Клюгенинг тахмин қилишича, рекорд даражадаги ҳарбий харажатлар сарф-харажатларнинг реал ўсиши билан эмас, балки Россия Молия вазирлиги 2025 йилда ҳарбий харажатларнинг бир қисмини 2026 йилга кўчиргани билан боғлиқ бўлиши мумкин. Шунингдек, биринчи чоракдаги ўсиш қурол-яроғ сотиб олиш шартномалари бўйича аванс тўловлари амалга оширилгани сабабли ҳам юз берган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
