Шавкат Мирзиёев Трампни туғилган куни билан табриклади

Шавкат Мирзиёев Трампни туғилган куни билан табриклади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Америка Қўшма Штатлари Президенти Доналд Трампга таваллуд куни — юбилей айёми муносабати билан табрик йўллади.

Давлат раҳбари мактубида Трампнинг давлат бошқарувидаги тажрибаси ва халқаро сиёсатдаги ўрнига алоҳида тўхталиб ўтган.

«Сизни бой тажрибага эга, ўз халқининг ҳурмат ва эҳтиромига сазовор бўлган атоқли давлат арбоби сифатида яхши биламиз. Сизнинг қатъий сиёсий етакчилигингиз ва мустаҳкам иродангиз туфайли Америка Қўшма Штатларининг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва қудрати тобора мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида таъкидлашни истар эдим», — дейилади мактубда.

Шу билан бирга, табрикда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар сўнгги йилларда янги мазмун билан бойиб, изчил ривожланаётгани қайд этилган.

Қайд этилишича, ўзаро ҳурмат, ишонч ва муштарак манфаатларга асосланган муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилмоқда.

«Бугун Ўзбекистон – АҚШ алоқалари ҳар қачонгидан ҳам мустаҳкам ва амалий руҳ касб этаётгани ҳам айни ҳақиқатдир», — дейилади мактубда.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон очиқ ва конструктив ҳамкорликка интилаётган мамлакат сифатида АҚШ билан кўп қиррали ва стратегик шерикликка асосланган муносабатларни янада чуқурлаштиришдан манфаатдор эканини таъкидлаган.

Шунингдек, турли халқаро ва минтақавий платформалар доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳимлиги таъкидланган.

Стратегик шерикликнинг истиқболли йўналишларини батафсил муҳокама қилиш мақсадида Шавкат Мирзиёев америкалик ҳамкасбини Ўзбекистонга илк тарихий ташриф билан келишга таклиф қилди.

Табрик мактуби якунида Доналд Трампга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт-саодат ва давлатчилик фаолиятида улкан муваффақиятлар, Америка халқига эса тинчлик, осойишталик ва фаровонлик тилаб қолинган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: