Буюк Британияда болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тақиқланади

Буюк Британияда болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тақиқланади

Бош вазир Кир Стармер 16 ёшгача бўлган ўсмирлар учун ижтимоий тармоқларни бутунлай тақиқлаш режасини эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, бу платформалар уларни «хавфли контент таъсирига учратади» ва «қарамликни келтириб чиқариш учун яратилган».

Ҳукумат тақиқ Snapchat, TikTok, YouTube, Instagram, Facebook ва X каби платформаларга тегишли бўлишини, аммо WhatsApp каби хабар алмашиш хизматларига таъсир қилмаслигини аниқлаштирди.

Стармер тегишли қонунни декабр ойи охиригача қабул қилишни, тақиқнинг ўзи эса 2027 йил баҳорида кучга киришини кутаётганини қўшимча қилди. У ҳукумат янада илгарилаб, нотаниш кишиларга болалар билан боғланиш имконини берувчи ўйин хизматлари ва тўғридан-тўғри трансляция платформаларига нисбатан «жаҳон амалиётида мисли кўрилмаган чоралар» кўришини маълум қилди.

Ҳокимият баёнотида, шунингдек, тунги вақтда «комендантлик соати» жорий этиш ва 18 ёшгача бўлган фойдаланувчилар учун лентани чексиз айлантириш режимида мажбурий танаффуслар киритиш каби чоралар кўриб чиқилаётгани айтилади. Батафсил маълумот июл ойида эълон қилинади.

Кир Стармернинг сўзларига кўра, унинг қарорига ўтган йилнинг декабр ойида болаларга 16 ёшгача ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлаган илк давлат — Австралия тажрибаси таъсир қилган.

Ўтган ҳафта Канада маданият вазири 16 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқларда аккаунтга эга бўлишни тақиқловчи ва сунъий интеллект чат-ботлари ишлаб чиқувчиларини зарарли контент яратилишини чеклашга мажбурловчи қонун лойиҳасини тақдим этди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: