Ҳиндистонда Telegram блокланди

Ҳиндистонда Telegram блокланди

Telegram app logo is seen in this illustration taken, August 27, 2024. REUTERS/Dado Ruvic/Illustration

Ҳиндистонда тиббиёт олийгоҳларига кириш имтиҳонларини қайта топшириш даврида Теlegram мессенжери 22 июнгача блокланди, деб хабар бермоқда Reuters.

 

21 июн куни мамлакат бўйлаб миллионлаб абитуриентлар тиббиёт олийгоҳларига миллий кириш имтиҳонини (NEET-UG) қайта топширади. Май ойида ўтказилган имтиҳон натижалари саволлар тарқалиб кетгани ҳақидаги айбловлар сабаб бекор қилинган эди.

 

Имтиҳонни ўтказувчи Миллий имтиҳон агентлиги ушбу қарорни қўллаб-қувватлаб, у “платформадан фирибгарлар томонидан абитуриентларни алдаш мақсадида уюшган тарзда фойдаланилиши”га жавобан қабул қилинганини билдирди.

 

Қайд этилишича, бир нечта Теlegram-каналлар абитуриентлар ва уларнинг оилаларидан имтиҳон саволлари сифатида тақдим этилган материалларга кириш имкони учун юз минглаб рупий талаб қилган. «Бундай материаллар ҳимояланган имтиҳон тизимидан ташқарида мавжуд эмас», дейилади идора хабарида.

 

NEET — Ҳиндистон тиббиёт коллежларига ўқишга киришнинг асосий имтиҳонидир. 2026 йили у 3 майда ўтказилган бўлиб, бутун мамлакат бўйлаб 2,28 миллион киши имтиҳон топширган. Бир неча кундан кейин имтиҳон олдидан саволлар тарқалгани юзасидан хабарлар пайдо бўлди. Бу эса ота-оналар ва абитуриентларнинг норозилигини келтириб чиқарди. Имтиҳонларнинг ўтказилиши масъул Миллий тест маркази натижаларни “ҳақиқий эмас” деб топди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: