Тошкент инвестиция форуми: АҚШ билан ҳамкорликнинг янги босқичи
Навбатдаги Тошкент халқаро инвестиция форуми Ўзбекистоннинг хорижий ҳамкорлари билан амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича режаларни мувофиқлаштириш ва янги ташаббусларни илгари суриш учун муҳим мулоқот майдони бўлди.
Форум доирасида АҚШ Эксимбанки президенти Жон Ёванович ҳамда Халқаро молиявий тараққиёт корпорацияси (DFC) бош ижрочи директори Бен Блек билан учрашув ўтказилди. Суҳбат давомида саноат, молия ва инвестиция соҳаларидаги қўшма лойиҳаларни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Томонлар қўшма инвестиция платформасини ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратиб, янги сармоявий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва икки давлат ишбилармон доиралари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашдилар.
Шунингдек, америкалик ҳамкорлар нафақат Ўзбекистондаги қулай инвестиция муҳити ва бизнес имкониятларига, балки мамлакатнинг бой тарихи, маданияти ва миллий меросига ҳам катта қизиқиш билдирмоқда. Бу эса иқтисодий ҳамкорлик билан бир қаторда маданий алоқалар ҳам тобора мустаҳкамланаётганини кўрсатади.
