Ғазода гастроэнтерит касалликлари кўпаймоқда

Ғазода гастроэнтерит касалликлари кўпаймоқда

Ғазо секторида гастроэнтерит касаллиги ҳолатлари, айниқса болалар, кексалар ва мажбурий кўчирилган аҳоли орасида кескин ортиб бормоқда. Бу ҳақда маҳаллий шифокорлар ва соғлиқни сақлаш тизими вакиллари маълум қилди.

Ғазо шифохоналари бош директори Муҳаммад Заккутнинг сўзларига кўра, сўнгги ойларда шифохоналар ва бирламчи тиббий ёрдам марказларида ичак инфекцияси аломатлари — диарея, қусиш, сувсизланиш ва кучли қорин оғриғи билан мурожаат қилувчилар сони сезиларли даражада ошган.

Мутахассислар касаллик тарқалишини инфратузилманинг вайрон бўлиши, тоза ичимлик суви танқислиги, санитария тизимларининг ишдан чиқиши ҳамда қочқинлар лагерларида аҳоли зичлиги юқорилиги билан изоҳламоқда.

Вазиятни лабораториялар вайрон қилингани ва ташхис қўйиш ускуналари етишмаслиги янада оғирлаштирмоқда. Шунингдек, соғлиқни сақлаш тизими дори-дармонлар, томир орқали қуйиладиган эритмалар, лаборатория материаллари ва ёқилғи танқислигига дуч келмоқда.

Шифокорлар зарур дори воситалари етказиб берилмаса, ичимлик суви ва санитария хизматларига кириш имконияти тикланмаса, Ғазода юқумли касалликларнинг янада кенг тарқалиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: