Боливия президенти мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилди
Родриго Пас ушбу қарорни мамлакатда 50 кундан ортиқ вақтдан бери давом этаётган ва иқтисодиётни деярли фалаж қилиб қўйган намойишлар фонида қабул қилди.
Фавқулодда ҳолат тартиби президентга йўлларни тўсиқлардан тозалаш ва тартибни тиклаш учун қуролли кучларни сафарбар этиш имконини беради. Унинг мазкур қарори парламент томонидан кўриб чиқилиши керак.
Боливиядаги норозилик намойишлари Пас бюджет тақчиллигини камайтириш мақсадида ёқилғи субсидияларини бекор қилганидан кейин бошланган эди. Ушбу оммабоп бўлмаган чоралар кейинчалик бекор қилинганига қарамай, намойишлар янада кенгайди ва эндиликда норози томон иш ҳақини оширишни ҳамда президентнинг истеъфосини талаб қилмоқда, деб ёзади Reuters агентлиги.
Норозилар орасида собиқ президент Эво Моралеснинг тарафдорлари кўпчиликни ташкил этади. Улар асосий йўлларни тўсиб қўйиб, кўплаб ҳудудларга, жумладан, пойтахт Ла-Пасга озиқ-овқат, ёқилғи ва тиббий буюмлар етказиб берилишини тўхтатиб қўйган.
