Россия Давлат думасида коррупция учун амалдорларни қатл этиш таклиф қилинди
Депутатлар муҳокамасига тегишли қонун лойиҳаси киритилди, деб хабар бермоқда «Справедливая Россия» партияси етакчиси Сергей Миронов RTVI телеканалига.
Унинг сўзларига кўра, мансабдор шахснинг ғаразли ниятларда содир этган хатти-ҳаракатлари фуқаролар хавфсизлиги ва мамлакат мудофаа қобилиятига тўғридан-тўғри путур етказганда, биз қонунчиликдаги бўшлиққа дуч келамиз. Миронов бундай жиноятларни жосуслик ва давлатга хоинликка тенглаштириш ва ўлим жазоси билан жазолаш кераклигини таъкидлади.
Бунинг учун Россия Жиноят кодексига ўзгартиришлар киритиш, жумладан, мамлакат мудофаа қобилияти ва фуқаролар хавфсизлигига зарар етказган коррупциявий фаолият деб номланган янги жиноят турини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Бундан ташқари, ўлим жазоси энг олий жазо чораси сифатида Россияда расман мавжуд, бироқ амалда қўлланилмайди, чунки 1997 йилда унга муддатсиз мораторий жорий этилган.
Мамлакатда охирги марта 1996 йилда «Фишер» тахаллуси билан танилган серияли қотил Сергей Головкин отиб ўлдирилган.
ASTRA Telegram-канали қайд этишича, телебошловчи ва тарғиботчи Владимир Соловьев Россияда отиб ўлдириш жазосини қайтаришни талаб қилиб чиқди. Аввалроқ, 2024 йилда мамлакат Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрыкин ҳам ўлим жазосини қайта жорий этишни таклиф қилган эди.
