«Келажак муҳандислари» фестивали ғолибаси Volkswagen электромобили билан тақдирланди
30 июнь — Ёшлар куни муносабати билан Тошкентдаги Олимпия шаҳарчасида ўтказилган байрам тадбири доирасида Ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш офиси томонидан Президент Шавкат Мирзиёевга бир қатор инновацион лойиҳалар тақдим этилди.
Тақдимот давомида иқтидорли ёшлар илмий ишланмалари, муҳандислик лойиҳалари ва инновацион ғояларини намойиш этди. Хусусан, Нўмонжон Иброҳимов “Келажак муҳандислари” халқаро фестивали натижалари ҳамда мамлакатда муҳандислик соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
FPV дронлар пойгаси бўйича 2024–2025 йиллар Ўзбекистон чемпиони Билолиддин Исмоилов томонидан «Шунқор-8» ва «Х1» антидрон тизимларини яратиш ҳамда такомиллаштириш бўйича амалга оширилган ишланмалар тақдим этилди.
Шунингдек, Диёра Курмаева олий таълим муассасаларида “Фудомика ва метаболомика” таълим йўналишини ҳамда махсус илмий лабораторияни тажриба тариқасида ташкил этиш бўйича ўз таклифини билдирди.
Тадбир якунида “Келажак муҳандислари” халқаро фестивали доирасидаги “Янги авлод автомобиллари” йўналиши ғолиби Айзада Асанова Президент совғаси — Volkswagen электромобили билан тақдирланди. Шунингдек, у Бельгияда бўлиб ўтадиган халқаро танловда иштирок этиш учун йўлланмани ҳам қўлга киритди.
