Россиянинг Байкалорти ўлкасида бензинга тўрт километрлик навбат юзага келди
Украинадаги Exilenova+ ва Supernova+ Telegram-каналлари Россия ҳудудидаги автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларидан бирида кўп километрлик навбат юзага келгани акс этган видео жойлаштирилди. Постда бу видео қачон олинганига аниқлик киритилмаган.
Мазкур видео Байкалорти ўлкасининг Чита туманида тасвирга олингани маълум бўлди. “Медуза” видеонинг ҳақиқийлигини тасдиқлади. Нашр маълумотларига кўра, бу кадрлар “Роснефт”нинг Чита тумани Атамановское посёлкаси ҳудудига оид. Видеода навбат 4 километрга чўзилгани, у ерда 800 га яқин автомобил навбатда турганини кўриш мумкин.
Байкалорти ўлкаси раҳбарияти Украина дронларининг Россия нефтни қайта ишлаш заводларига зарбаларидан кейин юзага келган ёнилғи инқирози туфайли 25 июн куни минтақада юқори шайлик режими жорий этганди. Натижада ўлка аҳолиси автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида соатлаб навбат кутиб турмоқда, ҳайдовчилардан бири 30 июн куни 36 соатдан буён навбат кутаётганини айтган.
Украина зарбалари ортидан Россиянинг барча ҳудудлари бўйлаб ёнилғи тақчиллиги билан боғлиқ вазият оғирлашишда давом этмоқда.
