Яман ҳукумати Эронни мамлакат суверенитетини бузганликда айблади
Яманнинг Саудия Арабистони қўллаб-қувватлайдиган Президентлик кенгаши Эронни мамлакат суверенитетини бузганликда айблади.
Расмий баёнотга кўра, Эронга тегишли фуқаролик самолёти ҳусийлар назоратидаги Сано шаҳридан делегацияни олиб чиққан. Делегация Эрон олий раҳбари Али Хоманаийнинг дафн маросимида иштирок этиш учун йўл олгани айтилмоқда.
Яманнинг Saba ахборот агентлиги келтирган баёнотда бу ҳаракат «Яман Республикаси суверенитетининг қўпол бузилиши ҳамда халқаро ҳуқуқ ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг тегишли резолюцияларига зид» экани таъкидланган.
Президентлик кенгаши, шунингдек, бундай ҳаракатлар Саудия Арабистони ва халқаро ҳамкорлар илгари сураётган тинчлик ташаббусларига путур етказишини билдириб, Эронни минтақадаги кескинликни янада кучайтирмасликка чақирди.
Шу билан бирга, ҳусийлар ҳарбий вакили Яҳё Сари ўз кучлари Саудия Арабистони ҳарбий самолётларининг Яман ҳаво ҳудудига киришининг олдини олганини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ҳусийлар Саудия қирувчи самолётлари томон бир нечта зенит ракеталарини учирган ва натижада улар Яман ҳаво ҳудудини тарк этишга мажбур бўлган.
Яҳё Сари, шунингдек, Саудия ҳарбий самолётлари ярадорлар ва беморларни ҳам ўз ичига олган 200 нафардан ортиқ йўловчини олиб кетаётган Эроннинг фуқаролик самолётининг қўнишига тўсқинлик қилишга уринганини иддао қилди.
Маълумот учун, ҳусийлар назоратидаги Яман ҳудудига нисбатан ҳаво эмбаргоси 2015 йилда Саудия Арабистони бошчилигидаги ҳарбий коалиция томонидан жорий этилган. Саудия томони ҳусийлар блокадани бузишга уринишда давом этса, жавоб чоралари кўрилишидан огоҳлантирган.
