ЕИ Навальнийнинг ўлимига алоқадор 6 кишини “қора рўйхат”га тиқди
Европа Иттифоқи Кенгаши Кремль танқидчиси Алексей Навальнийнинг ўлимига сабаб бўлган заҳарли моддани ишлаб чиқишда иштирок этган олти нафар шахсга нисбатан санкциялар жорий қилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Европа Иттифоқига кўра, санкцияга учраган шахсларнинг аксарияти олимлар ва тадқиқотчилар бўлиб, улар кимёвий қуроллар, хусусан, Навальнийнинг вафотидан сўнг унинг танасидан олинган намуналарда аниқланган эпибатидин моддасини ишлаб чиқиш билан боғлиқ фаолиятда иштирок этган.
Қайд этилишича, мазкур заҳарли модда Жанубий Америкадаги заҳарли қурбақалар турида учрайди ва Россия ҳудудида табиий ҳолда мавжуд эмас. Россия эса Москва Навальнийни заҳарлаганини даъво қилаётган Европа давлатларидан бу айбловларни тасдиқловчи аниқ далилларни тақдим этишни талаб қилиб келмоқда.
Маълум қилинишича, санкциялар рўйхатига киритилган шахсларнинг активлари музлатилади ва уларнинг Европа Иттифоқи ҳудудига кириши тақиқланади.
