Тошкент ер усти метроси остида 400 та янги бизнес лойиҳаси амалга оширилади

Тошкент ер усти метроси остида 400 та янги бизнес лойиҳаси амалга оширилади

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда Сергелидаги ер усти метроси йўналишлари остида савдо ва сервис объектларини ташкил этиш тажрибаси муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, Сергели туманида метро линияси бўйлаб яна 8,5 километр ҳудуд ўзлаштирилса, 137 та савдо ва хизмат кўрсатиш объекти ҳамда 1–1,5 мингта янги иш ўрни яратилади. Бу туман бюджетига йилига қўшимча 20–25 миллиард сўм тушум келтириши кутилмоқда.

Шунингдек, ер усти метросининг Яшнобод, Сергели ва Янгиҳаёт туманларидан ўтувчи 23 километр қисмида ҳам шундай лойиҳалар амалга оширилса, 400 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, 3 мингга яқин иш ўрни яратилиши мумкинлиги таъкидланди.

Йиғилишда ер участкаларини қурилишга рухсатномаси, архитектура-режалаштириш топшириғи ва тайёр лойиҳаси билан бирга аукционга чиқариш бўйича Сергелида жорий этилган янги тажриба ҳам кўриб чиқилди.

Хусусан, Янги Бунёдобод маҳалласида 70 сотих ер участкасининг бошланғич нархи 14 миллиард сўм этиб белгиланган бўлса, аукцион якунида у 40 миллиард сўмга сотилди. Президент бу каби тайёр лойиҳа асосидаги аукцион тизимини давлат объектлари ва саноат зоналарига ҳам татбиқ этиш зарурлигини таъкидлади.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: