Испаниянинг шарқидаги ўрмон ёнғини 500 нафарга яқин аҳолини эвакуация қилишга мажбур қилди
Испаниянинг Валенсия автоном ҳудудидаги Кастельон провинциясининг Сонеха ҳудудида юзага келган йирик ўрмон ёнғини сабабли қарийб 500 нафар аҳоли хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинди.
Ёнғин якшанба куни тушдан кейин бошланган бўлиб, унинг тез тарқалиши ортидан кенг кўламли фавқулодда қутқарув амалиёти йўлга қўйилди. Ҳудудга кўплаб ўт ўчирувчилар бригадалари, махсус техникалар ва ёнғин ўчириш самолётлари сафарбар этилган.
Воқеа жойидан олинган видеоларда ёнғин ўчириш самолётлари алангаланган тепаликлар устига сув ташлаётгани, ер устидаги қутқарув гуруҳлари эса йўллар, автомобиллар ва турар-жойлар яқинидаги ёнғинни жиловлашга урингани акс этган. Ёнғин ҳудуди устида қалин тутун кўтарилган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, нотекис тоғли рельеф ва иссиқ об-ҳаво ёнғинни ўчириш ишларини янада мураккаблаштирмоқда.
Айни пайтда Жанубий Европанинг бошқа ҳудудлари, жумладан Португалия ва Грецияда ҳам ўрмон ёнғинлари кузатилмоқда. Қутқарув хизматлари бир вақтнинг ўзида бир нечта ёнғин ўчоқларини бартараф этиш ишларини олиб бормоқда.
