Европарламент шахсий ёзишмаларни назорат қилишни қўллаб-қувватлади
Европарламент болаларга нисбатан жинсий зўравонлик ҳолатларини аниқлаш мақсадида хусусий чатлардаги ёзишмаларни текширишга рухсат берувчи қоидаларни қўллаб-қувватлади.
Янги тартиб кучга кирса, Meta, Microsoft, Google ва бошқа технологик компаниялар шахсий хабарларни сканер қилиш имкониятига эга бўлади. Бироқ ушбу қоидалар бошидан охиригача шифрланган (end-to-end encryption) чатларга, жумладан WhatsApp ва Signal платформаларига татбиқ этилмайди.
Бундай амалиёт аввал ҳам мавжуд бўлган, аммо унинг ҳуқуқий асосини таъминловчи истисно муддати апрель ойида тугаган эди. Европарламент уни аввалги кўринишда узайтиришдан бош тортган.
Режага кўра, вақтинчалик рухсатнома 2028 йил апрелигача амал қилади. Қоидалар кучга кириши учун Европа комиссияси ўз позициясини билдириши, якуний қарор эса Европа Иттифоқи Кенгаши томонидан қабул қилиниши лозим.
