Россия Европа давлатларидаги кузатув камераларига бузиб кирмоқда

Россия Европа давлатларидаги кузатув камераларига бузиб кирмоқда

Россияга алоқадор ҳакерлар NATO давлатлари ва Украинадаги фуқаролик IP камераларига тизимли равишда бузиб кирмоқда. Улар шу тариқа Киевга етказиб берилаётган қурол-яроғ ва ҳарбий юклар йўналишини кузатмоқда. Бу ҳақда Нидерландия разведка ва хавфсизлик хизматлари хабар берди.

Разведка маълумотларига кўра, “Россиянинг кенг кўламли амалиёти” ҳарбий техникаларни ташиш йўллари бўйлаб ўрнатилган кузатув камераларига қаратилган. Ҳакерлар уларга бузиб кириш учун интернетга уланган, корхона ва уйларда қўлланадиган ушбу қурилмаларнинг заиф жиҳатларидан фойдаланади. Қурилмаларда стандарт пароллардан фойдаланиш, уларга эскирган дастурий таъминот ва оддий хавфсизлик созламалари ўрнатилгани ҳакерлар ишини осонлаштирмоқда.

Бузиб кирилган қурилмалар орасида Украинага ҳарбий ёрдам етказиб беришда муҳим транзит маркази ҳисобланган Нидерландиянинг ўзидаги ҳарбий-логистика йўналишларида жойлашган камералар ҳам бор. Мамлакатнинг географик жойлашуви ва Киевни таъминлашдаги роли уни Россия разведка амалиётларининг асосий нишонларидан бирига айлантирмоқда.

Буюк Британия разведка хизматлари ҳам 2025 йил баҳорида Россия махсус хизматлари Украинага етказилаётган Ғарб ҳарбий ёрдамини кузатиш учун чегаралар ва ҳарбий объектлар яқинидаги турли камераларга бузиб кираётгани ҳақида маълум қилган эди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: