Германияда 350 минг нафар ўсмир ижтимоий тармоқларга қарам ҳисобланади

Германияда 350 минг нафар ўсмир ижтимоий тармоқларга қарам ҳисобланади

Мамлакатда болалар ва ўсмирларни ижтимоий тармоқлар таъсиридан ҳимоя қилиш бўйича янги чекловлар муҳокама қилинмоқда.

Германияда болалар ва ўсмирларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини чеклаш масаласи муҳокама қилинмоқда. Мамлакат таълим вазири Карин Прин 13 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан мустақил фойдаланишини қонун йўли билан чеклаш ташаббусини қўллаб-қувватлади.

Бу ташаббус хавотирли статистика ортидан илгари сурилди. Мутахассислар баҳосига кўра, Германияда қарийб 1,5 миллион нафар ёшлар ижтимоий тармоқлардан муаммоли даражада фойдаланмоқда, шундан тахминан 350 минг нафари медиага қарам деб баҳоланади.

«Рақамли дунёда болалар ва ёшларни ҳимоя қилиш» бўйича экспертлар комиссияси платформаларни фойдаланувчилар ёшини янада ишончли текширишга, вояга етмаганлар учун хавфсизлик созламаларини автоматик равишда ёқишга ҳамда болаларни зарарли контентдан самаралироқ ҳимоя қилишга мажбурлашни таклиф қилди.

Тавсиялар қаторида еттинчи синфгача бўлган ўқувчилар учун мактабларда мобил телефонлардан фойдаланишни тақиқлаш таклифи ҳам бор.

18 ёшли Лени бу чораларни шахсий тажрибасига таяниб қўллаб-қувватламоқда. Унинг айтишича, бир неча йил аввал TikTok ва YouTube’да кунига ўн соатгача вақт ўтказган, бу эса оиласи билан мулоқотининг камайиши ва ўқишдаги натижалари ёмонлашишига олиб келган. Ҳозирда у экран қаршисида ўтказадиган вақтини онгли равишда чеклаб, интернетда кунига тахминан беш соат бўлади.

Мутахассислар муаммо фақат ижтимоий тармоқлар билан чекланмаслигини таъкидламоқда. Ўсмирлар орасида порнографик контентга қарамлик ва интернетда назоратсиз харажатлар қилиш ҳолатлари ҳам кўпаймоқда. Экспертлар маълумотига кўра, айрим 17 ёшли фойдаланувчилар рақамли хизматлар ва онлайн тўловлар сабаб минглаб евро миқдорида қарздор бўлиб қолмоқда.

«Ўсмирлар виртуал дунёдан паноҳ изламаслиги учун ҳақиқий ҳаётни янада жозибадор қилиш керак», — деди медиақарамликнинг олдини олиш бўйича мутахассис Андреас Паули. Унинг фикрича, жонли мулоқот, спорт ва янги таассуротлар рақамли қарамликка қарши энг самарали ҳимоя воситаларидан ҳисобланади.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: