АҚШ ва Исроил ўртасида янги зиддият: Нетаньяҳу Вашингтонга сафарини бекор қилди

АҚШ ва Исроил ўртасида янги зиддият: Нетаньяҳу Вашингтонга сафарини бекор қилди

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяҳу АҚШга режалаштирилган ташрифини бекор қилди. Бу қарор Вашингтон ва Тел-Авив ўртасида ҳарбий ҳамкорлик масалаларида юзага келган келишмовчиликлар фонида қабул қилинди.

Хабарларга кўра, Исроил томони Нетаньяҳунинг АҚШ президенти Дональд Трамп билан учрашувини ташкил этиш учун музокаралар олиб борган. Бироқ томонлар ўртасида Бен-Гурион халқаро аэропортидан АҚШ ҳарбий авиацияси фойдаланиши масаласида зиддият юзага келган.

Исроил транспорт вазири Мири Регев ёзги сайёҳлик мавсумида фуқаролик авиацияси фаолиятига халақит бермаслик мақсадида қўшимча АҚШ ёқилғи қуювчи ҳарбий самолётларини аэропортга қабул қилмаслик ҳақида кўрсатма берган.

АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) эса бу қарор минтақадаги, айниқса Эрон билан кескинлик кучайган бир пайтда, Америка ҳарбий кучларининг оператив имкониятларига салбий таъсир кўрсатишини билдирган. АҚШ томони ёқилғи қуювчи самолётлар минтақадаги ҳарбий операцияларни қўллаб-қувватлашда стратегик аҳамиятга эга эканини таъкидлаган.

Маълумотларга кўра, Бен-Гурион аэропортида АҚШнинг ёқилғи қуювчи самолётлари сони 33 тага етган. Аввалроқ эса уларнинг сони 20 тадан ошмаслиги бўйича келишув мавжуд эди.

Исроил аэропортлари бошқармаси ҳарбий самолётлар сонининг янада ортиши фуқаролик рейслари фаолиятига жиддий таъсир кўрсатиши ва ёзги мавсумда минглаб авиачипталарнинг бекор қилинишига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: