Жазирамада ходимларни очиқ ҳавода ишлатганлар жавобгарликка тортилиши мумкин

Жазирамада ходимларни очиқ ҳавода ишлатганлар жавобгарликка тортилиши мумкин

Давлат меҳнат инспекцияси аномал иссиқ об-ҳаво шароитида очиқ ҳавода узоқ вақт ишлаш ходимлар саломатлиги учун жиддий хавф туғдиришини билдириб, иш берувчиларни меҳнат хавфсизлиги талабларига қатъий риоя этишга чақирди.

 

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 359-моддаси ҳамда амалдаги санитария меъёрларига кўра, йилнинг иссиқ даврида очиқ ҳудудларда ҳаво ҳарорати 36 даража ва ундан юқори бўлса, бу ўта хавфли меҳнат шароити ҳисобланади.

 

Шу муносабат билан соат 10:00 дан 17:00 гача очиқ майдонларда ҳашарлар, оммавий меҳнат тадбирлари ва бошқа жамоавий ишларни ўтказмаслик тавсия этилди. Зарур ишларни эса имкони қадар эрталаб соат 10:00 гача ёки кечки 17:00 дан кейин ташкил этиш сўралди.

 

Кечиктириб бўлмайдиган ишларда эса меҳнат ва дам олишнинг махсус режимини жорий этиш, иш вақтини қисқартириш, ходимларни сояли дам олиш жойлари, ичимлик суви, шахсий ҳимоя воситалари ҳамда биринчи тиббий ёрдам воситалари билан таъминлаш зарурлиги таъкидланди.

 

Шунингдек, иссиқ шароитда ишлаётган ходимларнинг соғлиғи устидан доимий назорат ўрнатиш, аҳволи ёмонлашган тақдирда уларни дарҳол ишдан озод қилиш ва зарур тиббий ёрдам кўрсатиш лозимлиги қайд этилди.

 

Давлат меҳнат инспекцияси меҳнатни муҳофаза қилиш талабларини бузиш ҳамда ходимлар ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирувчи шароитларни юзага келтириш қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлишини эслатди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: