Россияда аёллар ҳам ҳарбий хизматга чақирилмоқда
Россияда ёз фасли бошланганидан бери ҳарбий хизматга мажбур бўлган аёллар ҳарбий комиссариатларга чақирилмоқда. Айрим аёлларга қонун бўйича тақиқланган бўлса-да, ҳарбий йиғинларда қатнашиш ҳақида чақирув қоғозлари келган. Бу ҳақда “Медиазона” нашри манбаларига таяниб хабар бермоқда.
Журналистлар охирги ҳафталарда ҳарбий комиссариатлар билан алоқада бўлган уч нафар аёл билан суҳбатлашди. Жумладан, Оксана исмли ҳомиладор аёл июл ойи бошида электрон реестр орқали чақирув қоғози олган. Унда чақирув сабаби ҳарбий йиғинларда қатнашиш деб кўрсатилган.
“Медиазона” суҳбатлашган бошқа аёлларнинг айтишича, уларга чақирув қоғозлари “маълумотларни аниқлаштириш мақсадида” юборилгани билдирилган. Ҳозирча бу учта ҳолат бўйича бирор чора кўрилмаган. Россия Мудофаа вазирлиги 2022 йил кузидаги сафарбарлик пайтида аёлларни армияга чақириш режалаштирилмаганини айтган эди. Ўшандаги чақирувлар ҳам “техник хатолар” деб тушунтирилган.
Шунга қарамай, 2026 йилда аёлларни шартнома асосида ҳарбий хизматга жалб қилиш кампанияси бошланди. Красноярскдаги коллеж талабалари бўлган қизларни дронлар бўлинмаларига қўшилишга тарғиб қилишган.
Томск вилоятида эса аёлларни Россия қуролли кучларига очиқчасига таклиф қилишган. Уларга фақатгина шартнома тузиш пайтида ҳомиладор бўлмаслик шарти қўйилган. Бундай эълонлар туман маъмуриятларининг ижтимоий тармоқларида тарқатилган. Июн ойи бошида Перм шаҳрида ҳам аёлларни ҳарбий хизматга жалб қилиш ишлари бошланган.
