Россия Марказий банкининг олтин захиралари сўнгги беш йилдаги энг паст даражага тушди

Россия Марказий банкининг олтин захиралари сўнгги беш йилдаги энг паст даражага тушди

Россия Марказий банкининг олтин захиралари 1 июль ҳолатига кўра 73,4 миллион трой унциясини ташкил этди. Бу 2020 йил февралидан бери қайд этилган энг паст кўрсаткич ҳисобланади. Бу ҳақда Россия ОАВ Марказий банк маълумотларига таяниб хабар берди.

Марказий банк маълумотларига кўра, олтин захиралари 2026 йил бошидан буён изчил камайиб бормоқда. Агар 1 январь ҳолатига кўра захиралар 74,8 миллион трой унциясини ташкил этган бўлса, февраль ойида 300 минг унцияга қисқарган. Апрель ойига келиб бу кўрсаткич 74,1 миллион, 1 май ҳолатига 73,6 миллион, 1 июнь ҳолатига эса 73,7 миллион трой унциясини ташкил этган. 1 июль ҳолатига келиб яна 300 минг унцияга камайиб, 73,4 миллион трой унциясига тушган.

Шу тариқа, Россиянинг олтин захиралари ҳажми 2020 йил февраль ойидан бери энг паст даражага етди. Ўша вақтда мамлакатнинг халқаро захираларида 73,3 миллион трой унция олтин мавжуд эди.

Бундан ташқари, март ойида мамлакат халқаро захираларида олтин улушининг сўнгги 13 йилдаги энг кескин қисқариши кузатилди. Марказий банк маълумотларига кўра, мазкур кўрсаткич 47,5 фоиздан 44,6 фоизга тушган. Бу 2013 йил ёзидан бери қайд этилган энг катта пасайиш ҳисобланади.

Мутахассислар фикрича, олтин захираларининг қисқаришига сўнгги йилларда олтин нархининг ўсиши ортидан фойдани қайд этиш омилларидан бири бўлиши мумкин.

Россия Марказий банки эса олтин захиралари камайишининг сабабларини расман изоҳламаган. Иқтисодчиларнинг таъкидлашича, бундай ўзгаришлар олтиндан ҳисоб-китобларда фойдаланиш, захираларни бошқариш операциялари ёки халқаро активлар таркибининг ўзгариши билан боғлиқ бўлиши мумкин.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: