Трамп Қизил денгиздаги кемаларга ҳужум туфайли Эрон ва ҳусийларга таҳдид қилди
АҚШ президенти Доналд Трамп Яман ҳусийлари Қизил денгизда Саудия Арабистонининг иккита нефт танкерига зарба берганидан сўнг Эрон ва унинг иттифоқчиси ҳусийларга нисбатан “йирик ҳарбий жазо чоралари” қўллашга ваъда берди.
Мазкур ҳужум Яқин Шарқдаги уруш иккинчи муҳим денгиз йўли, Боб ал-Мандеб бўғозига ҳам ёйилишига олиб келди. Бунинг оқибатида Ҳўрмуз бўғозидан ташқари яна бир денгиз йўлининг тўсилиб қолиши хавфи пайдк бўлди. Булар ортидан жаҳонда нефт нархи уруш давридаги энг кескин кўтарилишлардан бирини бошдан кечирди. Брент маркали нефт нархи 6 фоиздан кўпроққа қимматлаб, май ойидан бери биринчи марта бир баррелига 100 доллардан ошиб кетди.
Яман шимоли ва ғарбини назорат қилувчи ҳусийлар Саудия Арабистонига нисбатан денгиз блокадасини жорий этганини эълон қилиб, иккита нефт танкерига зарба берди. Шундан сўнг Трамп келгусидаги ҳар қандай ҳужумлар учун жавобгарлик Эрон зиммасида бўлишини айтди.
Саудия Арабистони Эроннинг Ҳўрмуз бўғозидаги блокадасини айланиб ўтиш учун ҳар куни миллионлаб баррел нефтни қувурлар орқали Қизил денгиздаги портларига йўналтириб келаётган эди.
«Агар улар буни яна такрорласа, АҚШ Эронни жавобгар деб билади. Чунки ҳусийлар Эроннинг прокси кучидир. Эрон ва, албатта, ҳусийларнинг ўзига нисбатан йирик ҳарбий жазо қўлланади», — деб ёзди Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида.
