Баварияда Германиядаги мусулмонлар намози вақти кўрсатилган биринчи лавҳага бўёқ сочиб кетилди

Баварияда Германиядаги мусулмонлар намози вақти кўрсатилган биринчи лавҳага бўёқ сочиб кетилди

​Бавариянинг Пенцберг шаҳрида жума намози вақти ҳақида хабар берувчи янги йўл кўрсаткичи атрофида машмаша юзага келди. Шаҳарга кириш қисмидаги лавҳа 22 июл куни ўрнатилган эди, аммо 24 июл куни кечқурун номаълум шахслар унга қора бўёқ суртиб кетишди.

​Бавария Ички ишлар вазири Йоахим Ҳеррман ушбу вандализм ҳаракатини кескин қоралади. Унинг сўзларига кўра, диний хилма-хиллик Бавариянинг ажралмас қисми ҳисобланади ҳамда Германиянинг эътиқод эркинлиги ва демократик қадриятларини акс эттиради. Сиёсатчи полиция суриштирув ишларини алоҳида синчковлик билан олиб бораётгани ва айбдорлар топилишини таъкидлади.

​Маҳаллий имом Бенжамин Идриз Süddeutsche Zeitung нашрига берган интервьюсида, «гап шунчаки металл лавҳа ҳақида эмас, балки очиқлик, ўзаро ҳурмат, диний эркинлик ва турли эътиқоддаги кишиларнинг тинч-тотув яшаши рамзи ҳақида бормоқда. Шу билан бирга, нафратга жавобан қарама-қаршилик эмас, балки мулоқот ва очиқлик бўлиши керак», — деб таъкидлади у.

​Шанба куниёқ шаҳар хизматлари ходимлари кўрсаткични бўёқдан тозалашди. Пенцберг мэри Томас Копф вандализм ҳаракати ортида маҳаллий аҳоли турганига шубҳа қилмоқда. Унинг фикрича, «ушбу мавзу атрофидаги норозилик кўп жиҳатдан ташқаридан авж олдирилмоқда». У, шунингдек, радикализм хавфидан тез-тез огоҳлантирадиганларнинг ўзлари баъзида радикал ҳаракатларга қўл уришини қайд этди.

​Ушбу кўрсаткич Германиядаги биринчи шундай белги бўлди. У католик ва протестант ибодатлари ҳақидаги анъанавий лавҳалар қаторини тўлдирди. Имом Идриз уни диний жамоалар тенглиги ва диний эркинликнинг муҳим рамзи деб атади.

Пенцберг жойлашган Вайлҳайм-Шонгау тумани мусулмонлар жамоаси Бавариядаги энг машҳурларидан бири ҳисобланади, 2019 йилда у ерга Германия федерал президенти Франк-Валтер Штайнмайер ташриф буюрган эди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: