Россия ҳарбий комиссарликларига ФҲДЁнинг барча маълумотларидан фойдаланиш ҳуқуқи берилди

Россия ҳарбий комиссарликларига ФҲДЁнинг барча маълумотларидан фойдаланиш ҳуқуқи берилди

Янги қонун эҳтимолий мобилизация ҳақидаги хабарлар ва ҳарбий ҳисобни кенгайтириш учун ҳуқуқий база тайёрланаётгани ҳақидаги таҳлиллар фонида имзоланди.

Россия президенти Владимир Путин Мудофаа вазирлиги, ҳарбий комиссарликлар ва ҳарбий қисм қўмондонларига Фуқаролик ҳолати далолатномалари ягона давлат реестри (ФҲДЁ) маълумотларидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи қонунни имзолади. Ҳужжат ҳарбий ҳисоб тизимини такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган бўлиб, энди ҳарбий идоралар фуқароларнинг туғилиши, вафоти, никоҳдан ўтиши, ажрашиши, исмини ўзгартириши ва бошқа фуқаролик ҳолатига оид маълумотларни олиш имкониятига эга бўлади.

Қонун эҳтимолий янги мобилизация тўлқини ҳақидаги хабарлар фонида имзоланди. Ҳуқуқ ҳимоячилари аввалроқ россияликларга ҳарбий комиссарликларга «маълумотларни аниқлаштириш» учун борганида тобора кўпроқ мобилизация кўрсатмалари топширилаётганини, шунингдек, уларнинг маълумотига кўра, Мудофаа вазирлиги янги ҳарбий хизматчиларни қабул қилиш учун инфратузилма тайёрлаётганини билдирган эди.

Аввалроқ АҚШнинг Урушни ўрганиш институти (ISW) Россия ҳокимияти эҳтимолий мобилизация ва ҳарбий ҳолат эълон қилиниши учун ҳуқуқий асосни изчил равишда шакллантираётганини таъкидлаган.

Таҳлилчилар Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузиши мумкин бўлган шахслар доираси кенгайтирилганига, шунингдек, Росгвардия ҳужжатларига мобилизация ва ҳарбий ҳолат шароитида фуқаро мудофааси чораларини назарда тутувчи ўзгартишлар киритилганига эътибор қаратган.

ISW қайд этишича, Ғарб баҳолашларига кўра, 2026 йил ўрталарига келиб шартнома асосида хизматга қабул қилинаётганлар сони Россия армияси йўқотишларини қоплаш учун етарли бўлмай қолган. Шу билан бирга, таҳлилчилар эҳтимолий янги мобилизация тўғрисидаги қарорни қабул қилиш шахсан Владимир Путинга боғлиқлигини ҳам таъкидлаган.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: