Макрон Арсен Венгерга ёрдам бермоқчи
Франция президенти Эммануэл Макрон “Арсенал”нинг собиқ бош мураббийи Арсен Венгернинг FIFA президентлиги учун сайловдаги номзодини қўллаб-қувватлашга тайёр. The Telegraph нашрининг хабар беришича, Франция етакчиси амалдаги президент Жанни Инфантинога қарши эҳтимолий курашда Венгерга ёрдам таклиф қилган.
Макрон нафақат Франция ичида Венгернинг номзодини қўллаб-қувватлаш, балки бошқа давлатлар раҳбарларига ҳам мурожаат қилиб, уларнинг ёрдамини олишни режалаштирмоқда. Бундан ташқари, Франция президенти собиқ мураббий билан шахсан суҳбатлашиб, уни сайловда иштирок этишга кўндиришга уринган.
Номзодларни тақдим этишнинг сўнгги муддати — 18 ноябрь. Венгер ҳозирча FIFA раҳбарлиги учун курашда иштирок этиш ёки этмаслиги ҳақида расман баёнот бермаган.
Музокараларга яқин манбанинг нашрга маълум қилишича, Франция президенти билан яқин алоқалар Венгер учун устунлик бермаслиги мумкин.
