Қирғизистонда навбатдаги президентлик сайлови санаси эълон қилинди
Республика президенти Садир Жапаров “Қирғизистон Республикаси президенти ва Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши депутатлари сайлови тўғрисида”ги Қирғизистон Республикаси конституциявий қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги конституциявий қонунни имзолади. Бу ҳақда “АКИpress” хабар берди.
Мазкур қонунга кўра, мамлакатда навбатдаги президентлик сайлови унинг ваколат муддати тугайдиган йилнинг январ ойидаги тўртинчи чоршанба куни ўтказилади. Шу тариқа навбатдаги президентлик сайлови 2027 йил 27 январ, чоршанба куни бўлиб ўтади.
Жогорку Кенеш (парламент) депутатлигига навбатдаги сайловлар амалдаги Жогорку Кенеш чақириғининг конституциявий муддати тугайдиган ойнинг чоршанба кунида ўтказилади.
Қирғизистонда охирги президентлик сайлови 2020 йил октябр ойидаги парламент сайловларидан сўнг юзага келган сиёсий инқироз ва собиқ президент Сооронбай Жээнбековнинг истеъфоси ортидан 2021 йил 10 январда муддатидан илгари ўтказилган эди. Ушбу сайловда сайловчиларнинг 39,7 фоизи иштирок этган ва унда Садир Жапаров 79,2 фоиз овоз тўплаб, ғалабани қўлга киритганди.
