Европада ўрмон ёнғинларига қарши курашда қўй ва эчкилардан фойдаланилмоқда

Европада ўрмон ёнғинларига қарши курашда қўй ва эчкилардан фойдаланилмоқда

Европа давлатлари ўрмонларда ёнғин хавфини камайтириш мақсадида қўй ва эчкиларни бошқариладиган тарзда ўтлатиш амалиётини қайта жорий этмоқда. БМТ ва Европа Иттифоқи экспертлари ушбу ёндашувни ўрмон ёнғинларининг олдини олиш бўйича энг самарали ва экологик тоза усуллардан бири деб баҳоламоқда.

Қўй ва эчкилар қуриган ўтлар, буталар ҳамда дарахтларнинг пастки шохларини ейди. Бу эса ёнғиннинг тез тарқалишига хизмат қиладиган ёнувчан ўсимликлар ҳажмини камайтиради ва ўрмонларда аланга тарқалишини секинлаштирувчи табиий ёнғинга қарши йўлакларни ҳосил қилади.

Politico нашрининг ёзишича, иқлим ўзгариши, ўрмон ёнғинлари сонининг кўпайиши ва уларнинг тез тарқалиши анъанавий чорвачиликка бўлган қизиқишни янада оширган. Кейинги йилларда қишлоқ аҳолиси сонининг камайиши ва чорвачиликнинг қисқариши, айниқса Ўрта ер денгизи бўйидаги мамлакатларда, ўрмонларда қуриган ўсимликлар тўпланишига сабаб бўлди. Бу эса ёнғинларнинг тез тарқалиши учун қулай шароит яратмоқда.

Муаммони ҳал қилиш мақсадида Испания, Франция ва Португалия бошчилигидаги бир қатор Европа давлатлари чўпонларга молиявий кўмак бермоқда. Улар ёнғин хавфи юқори бўлган ҳудудларда эчки, қўй ва маҳаллий қорамол зотларини ўтлатишга рағбатлантирилмоқда. Бу усул оғир техникалар ёрдамида ҳудудларни тозалашга нисбатан арзонроқ ва атроф-муҳит учун хавфсизроқ деб ҳисобланмоқда.

Шу билан бирга, мутахассислар ёнғин хавфини самарали камайтириш учун фақат чорва молларини ўтлатишнинг ўзи етарли эмаслигини таъкидламоқда. Уларнинг фикрича, бу усул назорат остидаги ёндириш ишлари, механик тозалаш ва ер ресурсларини оқилона бошқариш чоралари билан биргаликда қўлланилиши лозим.

Бу ёзда Европа сўнгги йиллардаги энг йирик ўрмон ёнғинларига дуч келди. Франция ва Испанияда юз минглаб одамлар хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинди. Европа Иттифоқининг Фуқаролик муҳофазаси механизми доирасида Туркия бошчилигидаги бир қатор давлатлар ёнғинларга қарши курашиш учун зарар кўрган ҳудудларга ёнғин ўчирувчи самолётлар ва қутқарувчилар гуруҳларини юборди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: