Немислар Volkswagen’нинг Исроил мудофаа компанияси билан ҳамкорлигига қарши чиқмоқда

Немислар Volkswagen’нинг Исроил мудофаа компанияси билан ҳамкорлигига қарши чиқмоқда

Германиядаги фаоллар Volkswagen’нинг Оснабрюкдаги заводида Исроилнинг Iron Dome ҳаво мудофаа тизими учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқарилиши мумкинлигига қарши чиқмоқда.

Немис жамоат ташкилотлари ва урушга қарши ҳаракат вакиллари Volkswagen концернининг Исроил давлат мудофаа компанияси Rafael Advanced Defense Systems билан эҳтимолий ҳамкорлигига қарши кампанияни кенгайтириш ниятида.

Бунга ОАВда тарқалган хабарлар сабаб бўлди. Унга кўра, 2027 йилда енгил автомобиллар ишлаб чиқариш тўхтатилганидан кейин Volkswagen’нинг Оснабрюкдаги заводи Iron Dome ҳаво мудофаа тизими учун қисмлар ишлаб чиқаришга мослаштирилиши мумкин. Financial Times маълумотларига кўра, корхонада Исроил ҳаво мудофаа тизими учун ракета учириш қурилмалари, транспорт воситалари ва генераторлар ишлаб чиқарилиши мумкин.

Osnabrück Peace Initiative (OFRI) ташаббуси вакили Мари Доминик Гийяр фаоллар заводнинг фуқаролик йўналишини сақлаб қолиш мақсадида митинглар, жамоат акциялари ва намойишлар ўтказишини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, ҳарбий ишлаб чиқаришни кенгайтириш хавфсизликни мустаҳкамлашга ёрдам бермайди ва можароларни тинч йўл билан ҳал қилиш ҳамда халқаро ҳуқуқ тамойилларига зид. Гийяр, шунингдек, Rafael билан эҳтимолий ҳамкорликни танқид қилди ва унинг фикрича, Исроил давлат компаниясининг иштирок этиши Исроилнинг ҳарбий ҳаракатларини қўллаб-қувватлашни англатади.

Таниқли немис тинчлик фаоли Райнер Браун ҳам эҳтимолий келишувни кескин танқид қилиб, уни «йўл қўйиб бўлмайдиган» деб атади. У Volkswagen ходимларини корхонани ҳарбий маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ўтказиш режаларига қарши чиқишга чақирди ва Германиядаги урушга қарши ҳаракат бундай қарорга рози бўлмаган ишчиларни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Volkswagen компаниясининг ўзи эса енгил автомобиллар ишлаб чиқариш тугаганидан кейин заводнинг келажаги учун турли вариантлар кўриб чиқилаётганини тасдиқлади. Компания якуний қарор ҳали қабул қилинмаганини таъкидлади ва Rafael билан музокаралар ҳақидаги хабарларни тасдиқлашдан бош тортди.

Аввалроқ немис Bild газетаси Volkswagen’нинг йирик акциядорларидан бири бўлган Қатар суверен фонди Исроил компанияси билан ҳамкорликка қарши чиққанини хабар қилган эди. Бироқ кейинчалик WirtschaftsWoche журнали томонлар ўртасида музокаралар давом этаётганини ёзди.

Оснабрюкдаги завод тақдири Volkswagen’даги кенг кўламли қайта тузиш жараёни фонида муҳокама қилинмоқда. Бу жараён Хитой автомобиль ишлаб чиқарувчиларининг рақобати кучайиши ва электромобиллар бозори ўсиши кутилганидан секинроқ кечаётгани билан боғлиқ.

Айни пайтда Rafael Европа давлатларида мудофаа харажатлари ошиши фонида Европадаги иштирокини кенгайтирмоқда.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: