Олмаотада 45 минг томошабинга мўлжалланган янги стадион қурилиши бошланди
Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида янги футбол стадиони барпо этиладиган ҳудудда дастлабки тайёргарлик ва муҳандислик ишлари бошланди.
«Tengrinews.kz» нашрининг маълум қилишича, 45 минг томошабинга мўлжалланган мазкур арена фойдаланишга топширилгач, Қозоғистондаги энг йирик спорт иншоотига айланади.
Қарийб 32 гектар майдонни эгаллайдиган мажмуа ҳудудида асосий ва машғулот майдонлари, жамоалар ва расмийлар учун хизмат хоналари ҳамда томошабинлар учун қулай инфратузилма зоналарини қуриш режалаштирилган. Ҳозирда мутахассислар ҳудуднинг сейсмик ва геологик хусусиятларини инобатга олган ҳолда тупроқ таркибини ўрганмоқда.
Олмаота шаҳри қурилиш бошқармаси лойиҳалаш бўлими раҳбари Сирим Турлибининг таъкидлашича, обектнинг пойдевор синовлари ўтказилмоқда:
«Ҳозирги вақтда бино пойдевори учун синов тариқасида қозиқлар (сваялар) текширувдан ўтказилмоқда. Ушбу жараён якунлангач, зарур бўладиган таянч конструкцияларининг аниқ ҳажми белгиланади. Стадионнинг эскиз лойиҳаси УЕФАнинг энг юқори — 4-тоифаси талабларига ҳамда Қозоғистон футбол федерациясининг техник топшириғига тўлиқ мос равишда ишлаб чиқилган».
Шаҳар ҳокимлигининг билдиришича, иншоотни фойдаланишга топширишнинг аниқ муддатлари лойиҳа-смета ҳужжатлари тўлиқ тасдиқлангач эълон қилинади.
Маълумот учун: Аввалроқ «Янги Тошкент» ҳудудида ҳам 55 минг томошабинга мўлжалланган янги замонавий стадион барпо этилаётгани ҳақида хабар берилган эди. Ушбу мажмуа Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳамкорлигида ўтказилиши режалаштирилган 2027-йилги 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионати (ФИФА У-20) учрашувларини қабул қилиши кутилмоқда.
