Салоҳ Туркия Суперлигасининг энг кўп маош олувчи футболчисига айланди
Туркиянинг “Трабзонспор” клуби собиқ “Ливерпуль” ҳужумчиси Муҳаммад Салоҳ билан шартнома имзолади. Мисрлик футболчи эркин агент мақомида клуб сафига текинга қўшилди. Бироқ ушбу трансфернинг энг эътиборли жиҳати футболчига Туркия Суперлигаси тарихидаги рекорд даражадаги маош белгилангани бўлди.
Қайд этилишича, Салоҳнинг асосий маоши мавсумига 17 миллион еврони (ҳафтасига қарийб 280 минг фунт стерлинг) ташкил этади. Шартномада кўзда тутилган 5 миллион евролик имзо бонуси билан бирга унинг ҳафталик даромади 360 минг фунт стерлингдан ошади.
Шу тариқа, Муҳаммад Салоҳ “Галатасарой” ҳужумчиси Виктор Осимҳенни (йилига 15 миллион евро) ортда қолдириб, Туркия Суперлигасининг энг кўп маош олувчи футболчисига айланди.
Шунингдек, шартномада футболчининг имиж ҳуқуқларидан фойдаланиш ҳамда клуб футболкалари савдосидан улуш олиш бандлари ҳам мавжуд.
Салоҳ “Трабзонспор”нинг халқаро бозордаги асосий тижорий активига айланиши кутилмоқда. Клуб ушбу йирик сармоянинг бир қисмини ҳомийлик шартномалари ва мерчлар орқали қоплашни режалаштирмоқда.
Маълумот учун, Муҳаммад Салоҳ 2017–2026 йиллар давомида “Ливерпуль” шарафини ҳимоя қилган. У мерсисайдликлар сафида Англия Премьер Лигаси (2019/20, 2024/25), Англия Кубоги (2021/22), Англия Суперкубоги (2022), Англия Лига Кубоги (2021/22, 2023/24), УЕФА Чемпионлар Лигаси (2018/19), УЕФА Суперкубоги (2019) ҳамда клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида (2019) ғолиб чиққан.
Фаолияти давомида Салоҳ “Рома”, “Фиорентина”, “Челси”, “Базел” ва “Мокавлун” клубларида ҳам тўп сурган.
