АҚШнинг 29 штатидан иборат коалиция Meta компанияси устидан судга даъво аризаси киритди
Улар Meta’га тегишли Facebook ва Instagram ижтимоий тармоқлари реклама даромадини ошириш мақсадида болалар ва ўсмирларда қарамликни келтириб чиқариш ҳамда уларнинг руҳий саломатлигига зарар етказиш учун махсус ишлаб чиқилганини таъкидламоқда.
Компания, шунингдек, платформаларнинг ёш фойдаланувчилар учун хавфсизлиги борасида истеъмолчиларни чалғитишда ҳам айбланмоқда.
«Meta бизнес-моделини тўртта ибора билан ифодалаш мумкин: фойдаланувчини жалб қилиш, уни иложи борича узоқроқ ушлаб туриш, маълумотларини йиғиш ва кейин ҳақиқатни яшириш. Ёшлар – энг яхши ўлжалар: улар орқали кўпроқ пул ишлаш мумкин», — деди Окленддаги федерал судда даъвогарлар номидан иштирок этган адвокат.
Meta юристлари бу айбловларни рад этиб, штатларнинг бош прокурорлари фойдаланувчиларни чалғитганлик борасида далиллар келтирмаганини айтди. Компанияга кўра, даъвогарлар платформаларнинг ишлаш усуллари, дизайнига асоссиз ўзгартиришлар киритиш ва «ҳаддан ташқари катта тўловлар» ундиришга уринмоқда.
Meta компаниясининг ўз ҳисоб-китобларига кўра, агар у судда ютқазса, унга 1,4 триллион долларгача жарима солиниши мумкин. Бу эса унинг бозор капиталлашувига (бозор қийматига) яқинлашади.
Тахминан беш ҳафта давом этиши режалаштирилган суд жараёни — ўсмирларнинг руҳий саломатлигига етказилаётган зарари учун ижтимоий тармоқлар глобал миқёсда танқид қилинаётган бир вақтда бўлиб ўтмоқда.
