Tesla, Xiaomi ва Geely миллионлаб автомобилларни қайтариб олмоқда
Хитой автомобиль бозори тарихидаги энг йирик қайтариб олиш кампанияси бошланмоқда. Tesla, Xiaomi ва Geely каби йирик брендларни ҳам ўз ичига олган 11 та автоконцерн қарийб 4,3 миллионта машинани хавфсизлик билан боғлиқ муаммо сабаб сервисга чақирмоқда.
Reuters маълумотига кўра, асосий муаммо автомобиллар салонидаги эшик тутқичлари билан боғлиқ. Айрим моделларда механик тутқичлар интерьер билан бир хил рангда бўлгани учун уларни тезда топиш қийин. Бу эса ЙТҲ ёки бошқа фавқулодда вазиятларда йўловчиларнинг машинадан чиқишини қийинлаштириши мумкин.
Муаммони бартараф этиш учун ишлаб чиқарувчилар турли чораларни қўлламоқчи. Хусусан, механик тутқичлар жойлашган нуқталарга махсус огоҳлантирувчи белгилар ўрнатилади.
Айрим компаниялар эса дастурий таъминотни ҳам янгилайди. Янги функция авария содир бўлган тақдирда автомобиль ойналарининг автоматик равишда очилишини таъминлаши кўзда тутилган.
Агентлик қайд этишича, қарийб 4,3 миллион автомобиль қамраб олинаётган мазкур кампания Хитойда шу пайтга қадар амалга оширилган энг йирик автомобиль қайтариб олиш ҳолати ҳисобланади.
