Россиялик ҳарбийлар сафарбарликка тайёргарлик бўйича машғулотлар ўтказмоқда
Россиялик ҳарбийлар сафарбарликка тайёргарлик бўйича машғулотлар ўтказмоқда — The Wall Street Journal.
Нашрнинг Ғарб разведка хизматлари вакилларига таяниб ёзишича, Июл ойида Калининград вилоятида сафарбарлик эълон қилинган тақдирда қандай ҳаракатланиш бўйича ҳарбий машғулотлар ўтказилган.
WSJ манбаларига кўра, машғулотлар давомида ҳарбийлар, жумладан, ҳудудда сафарбарлик тадбирларини ўтказишга тайёргарлик даражасини, сафарбар қилинганларни жойлаштириш имкониятларини, уларни озиқ-овқат ва қурол-яроғ билан таъминлаш тизимини текширган.
Ғарб махсус хизматлари вакилларининг айтишича, шунга ўхшаш ўқув машғулотлари Россиянинг бошқа ҳудудларида ҳам ўтказилмоқда. Бироқ улар айнан қайси ҳудудлар ҳақида гап кетаётганини очиқламаган.
WSJ манбалари буни янги сафарбарлик тўлқини эълон қилинишига тайёргарлик дея атаган. Уларнинг фикрича, сентябрдаги парламент сайловларига қадар сафарбарлик эълон қилиниши эҳтимолдан йироқ.
Янги сафарбарлик тўлқини эҳтимоли ҳақида июн охиридан буён хабар бериб келинмоқда. Энг кўп тилга олинаётган тахминга кўра, сафарбарлик сентябрдаги сайловлардан кейин эълон қилиниши мумкин.
Россия расмийлари эса янги сафарбарлик режалари борлигини инкор этиб келяпти. Москва 2022 йил сентябрда сафарбарлик эълон қилинишидан олдин ҳам шундай баёнотлар берганди. Шу билан бирга, 2022 йилда бошланган сафарбарликни расман тугатиш ҳақида алоҳида фармон ҳануз эълон қилинмаган.
