Маҳкумлар маҳсулотларни онлайн харид қилиши мумкин бўлади
Ўзбекистонда озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган маҳкумларга рухсат этилган маҳсулот ва буюмларни онлайн харид қилиш имкониятини яратиш таклиф этилмоқда. Бу Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган жазони ижро этиш муассасаларининг ички тартиб қоидаларига ўзгартириш киритиш ҳақидаги буйруқ лойиҳасида назарда тутилган.
Лойиҳага кўра, маҳкумлар ва уларнинг яқинлари рухсат этилган маҳсулотларни жазони ижро этиш муассасаси ичидаги инфокиосклар, шунингдек, муассаса ташқарисидаги сайт ёки мобил илова орқали онлайн сотиб олиши мумкин бўлади. Анъанавий тарзда посилка ва йўқлов қабул қилиш имконияти ҳам сақланиб қолади.
Белгиланган миқдордан ортиқ, аммо тақиқланмаган буюмлар муассаса омборида сақланади. Зарур ҳолларда улар маҳкумнинг аризаси асосида берилади. Маҳсулотларнинг рухсат этилган тури ҳамда қадоқлаш талабларига риоя этилиши жазони ижро этиш муассасаси томонидан назорат қилинади.
Ҳужжат билан маҳкумлар сотиб олиши ва ёнида сақлаши тақиқланмаган озиқ-овқат маҳсулотлари, шахсий гигиена воситалари, кийим-кечак, хўжалик ва канцелярия буюмлари ҳамда бошқа кундалик эҳтиёж маҳсулотларининг янгиланган рўйхатини тасдиқлаш назарда тутилган.
Рўйхатга, шунингдек, рухсат этилган адабиётлар, дарсликлар, газета ва журналлар, диний адабиёт ва ибодат буюмлари, спорт ҳамда стол ўйинлари, шахсий хатлар ва фотосуратлар каби буюмлар ҳам киритилган. Айрим маҳсулотларга санитария ва гигиена талабларидан келиб чиқиб мавсумий чекловлар ўрнатилиши мумкин.
Яна бир муҳим ўзгаришга кўра, манзил-колонияларда жазо ўтаётган маҳкумларга маҳсулот сотиб олиш ва уларни ёнида сақлаш бўйича вазн ҳамда миқдор чекловлари — ойлик лимитлар татбиқ этилмайди.
Лойиҳа Вазирлар Маҳкамасининг жазони ижро этиш тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга оид қарори асосида ишлаб чиқилган.
Ҳужжат Бош прокуратура, Олий суд, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан келишилган. Буйруқ қабул қилинса, расмий эълон қилинган кундан кучга киради.
