«Ватан таянчи» аъзоларига ОТМга киришда қўшимча балл берилади

«Ватан таянчи» аъзоларига ОТМга киришда қўшимча балл берилади

Адлия вазирлиги «Ватан таянчи» отряди аъзолари ҳамда «Ватанпарварлар» ва «Шижоат ва ғайрат» мусобақаларининг республика босқичи ғолибларига олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тавсиянома бериш тартибини белгиловчи ҳужжатни давлат рўйхатидан ўтказди. Ҳужжатга кўра, тавсиянома «Ватан таянчи» ҳаракатида фаол иштирок этиб, таълим муассасасини аъло баҳолар билан тамомлаган отряднинг бир нафар аъзосига, «Жасорат мактаби»ни аъло баҳолар билан битирган ҳар бир отряднинг бир нафар аъзосига берилади. Шунингдек, «Ватанпарварлар» ҳарбий-спорт мусобақалари ҳамда маҳалла ёшлари ўртасидаги «Шижоат ва ғайрат» мусобақаларининг республика босқичида биринчи ўринни эгаллаган жамоалар аъзолари ҳам тавсиянома олиш ҳуқуқига эга бўлади. Тавсиянома Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги «Ватан таянчи» болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати томонидан берилади. Тавсияномага эга шахсларга олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим муассасалари, шунингдек, юридик таълим муассасаларига киришда тест синовлари ёки якка тартибдаги якуний суҳбат натижасида тўпланган баллнинг 5 фоизи миқдорида қўшимча балл берилади. Тавсиянома 3 йил давомида амал қилади.

Дўстларингизга ҳам юборинг: