Арманистон сафарбарлик ҳолатида россияликларни қабул қилишга тайёр

Арманистон сафарбарлик ҳолатида россияликларни қабул қилишга тайёр

Арманистон Хавфсизлик кенгаши котиби Ален Симонян мамлакатга кириб келаётган россияликлардан келиш сабабларини сўрашмоқчи эмасликларини маълум қилди.

Арманистон Россияда сафарбарликнинг янги тўлқини эълон қилинган тақдирда мамлакатни тарк этишга қарор қилган россияликларнинг кириб келишига тўсқинлик қилмайди. Бу ҳақда Арманистон Хавфсизлик кенгаши котиби Ален Симонян «Дождь» телеканалига берган интервьюсида айтди.

Симонян янги сафарбарлик эълон қилиниши эҳтимоли юзага келганда Арманистон Россиядан келадиган муҳожирлар оқимидан хавотирдамисиз, деган саволга жавобан:

«Чегарада ҳеч ким ҳеч кимдан бу ерга нима сабабдан келганини сўрамайди. Россиядан одамлар, биласиз, хорижга чиқиш паспортисиз ҳам келишлари мумкин. Россиялик инсонга айтадиган ягона гапим: “Арманистонга хуш келибсиз”», — деди.

У Арманистон россияликларнинг мамлакатга киришига ҳеч қандай тўсиқ яратмоқчи эмаслигини таъкидлади.

Бу баёнот Россияда Давлат думаси сайловларидан сўнг сафарбарликнинг янги тўлқини бўлиши мумкинлиги ҳақидаги миш-мишлар пайдо бўлган бир пайтда янгради. Давлат думаси сайловлари 18–20 сентябрь кунлари ўтказилиши режалаштирилган. Шу сабабли Россия фуқаролари мамлакатдан чиқиб кетиш имкониятлари билан кўпроқ қизиқиш билдиришни бошлагани хабар қилинмоқда.

Шу билан бирга, Россия расмийлари янги сафарбарлик ўтказиш бўйича режалар мавжудлигини рад этмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: