Непалдаги сув тошқинида жабрланган ўзбекистонликлар ҳақида маълумот келиб тушмади — элчихона
Непалдаги сув тошқини оқибатида ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари борлиги ҳақида ҳозирча маълумот келиб тушмаган. Бу ҳақда «Дунё» АА Непал масалалари бўйича ҳам масъул бўлган Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси маълумотларига таяниб хабар бермоқда.
Элчихона тегишли идоралар билан доимий алоқада бўлиб, вазият ривожини мунтазам кузатиб бормоқда, дейилади хабарда.
Непал ва Тибетда кучли кўчки ва сув тошқини оқибатида қарийб 1400 киши, жумладан 1100 га яқин хорижлик бедарак йўқолганлар рўйхатига киритилган. 350 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, деб хабар бермоқда The Guardian.
Бедарак йўқолганлар орасида камида 700 нафар сайёҳ бор. Рўйхатда Ҳиндистон, Австралия, Нидерландия, АҚШ, Малайзия, Буюк Британия ва ЖАР фуқаролари қайд этилган. Қолганларнинг фуқаролиги аниқланмоқда.
Дастлаб фалокатга музликнинг қулашига сабаб бўлган ва сув тошқинини келтириб чиқарган 4,4 магнитудали зилзила сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган. Кейинчалик АҚШ Геология хизмати сейсмик фаоллик зилзила туфайли эмас, балки музлик жинслари ва музнинг қулаши, шундан сўнг сел оқими юзага келиши натижасида содир бўлганини маълум қилди.
Непал табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш бошқармаси вакиллари Planet Labs сунъий йўлдош суратларига таяниб хабар беришича, 26 август куни Расувагадҳи чегара ўтиш пунктидан 20 км шимоли-шарқда муз ва тошлардан иборат кўчки Ленде-Хола дарёсига қулаган. Шундан сўнг дарё оқими бўйлаб лой, тош ва сувдан иборат кучли оқим пастга қараб ҳаракатланган.
