Исландия аҳолисининг аксарияти референдумда мамлакатнинг Европа Иттифоқига кириши бўйича музокараларни қайта тиклашни рад этди
Исландияда кеча бўлиб ўтган референдум натижаларига кўра, Евроиттифоққа аъзолик бўйича музокараларга қаршилар 52,5 фоизни, унинг тарафдорлари эса 47,5 фоизни ташкил этди.
Овозларни ҳисоблаш бошланганда музокараларни қайта тиклаш тарафдорлари олдинда бораётган эди — 48,8 фоизга қарши 51,2 фоиз. Бу ҳолат ўша пайтда ЕИ тарафдорларининг позицияси кучлироқ бўлган пойтахт Рейкявикдаги овозларнинг катта қисми ҳисоблаб бўлингани билан изоҳланди. Қишлоқ ҳудудларидан натижалар келиб тушгач, музокараларга қаршилар олдинга чиқиб олди.
Исландия 2009 йилда, жаҳон молиявий инқирозидан сўнг Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун ариза топширган эди. Музокаралар 2010 йилда бошланган, аммо уч йилдан сўнг янги ҳукумат уларни тўхтатиб қўйганди. 2015 йилда ҳукумат ЕИдан Исландияни энди номзод мамлакат деб ҳисобламасликни сўраганди. Гарчи Исландия ЕИ таркибига кирмаса-да, мамлакат Европа иқтисодий ҳудуди ва Шенген зонасига аъзо ҳисобланади.
