Непалдаги вайронкор сув тошқинлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 788 нафарга етди 

Непалдаги вайронкор сув тошқинлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 788 нафарга етди 

Шунингдек, 2 498 киши бедарак йўқолган, улардан 589 нафари хорижий давлат фуқаролари ҳисобланади, дейилади Непал ҳукумати баёнотида.

Хабар берилишича, Бхоте-Коши ва Тришули дарёларидаги сув тошқинлари оқибатида келиб чиққан офат сабабли вайрон бўлган туманларда кенг кўламли қидирув-қутқарув ишлари давом эттирилмоқда. Непал ҳукумати маълумотларига кўра, жами 19 895 нафар хавфсизлик ходими (8 399 нафар армия, 7 213 нафар полиция ва 4 203 нафар Қуролли кучлар ходими) сафарбар этилган бўлиб, ҳозиргача 8 186 киши қутқариб қолинган

Қурбонлар сонининг кўплиги ва жасадларнинг юзлаб километрга оқиб кетгани уларнинг шахсини аниқлашда жиддий қийинчиликлар туғдирмоқда. Шахси номаълум жасадлар сақлаш ва идентификация қилиш учун турли туманлардаги 21 та шифохонага жўнатилган.

26 август куни Хитой ва Непал чегарасидаги ҳудуддаги кўчкилар ҳамда зилзила оқибатида йирик сув тошқини юзага келганди. Тошқин Бхоте-Коши дарёсида бошланган. Хитойнинг Тибет ҳудуди томонидан келган кучли оқим дастлаб Тимуре ва Сябру-Беси аҳоли пунктларига, кейин Нувакот ҳамда Дхадинг туманларига етиб борган. Сув уйлар, автомобиллар, йўллар ва кўприкларни оқизиб кетган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: