Россия Мудофаа вазирлиги тунда 494 та Украина дрони уриб туширилганини маълум қилди
30 августга ўтар кечаси Украина дронлари Россиянинг бир қатор ҳудудларига, жумладан Ленинград вилоятига ҳужум қилгани хабар қилинди.
Ленинград вилояти губернатори Александр Дрозденконинг маълум қилишича, ҳудуд узра 62 та дрон уриб туширилган. Унинг айтишича, Кириши шаҳридаги саноат ҳудудида ёнғин қайд этилган, аммо воқеа тафсилотлари очиқланмаган.
«Астра» нашри гувоҳларга таяниб, ёнғин Кириши шаҳрида жойлашган «Киришинефтеоргсинтез» нефтни қайта ишлаш заводида содир бўлган бўлиши мумкинлигини ёзди. Ушбу корхона Россиянинг Европа қисмидаги йирик нефтни қайта ишлаш заводларидан бири ҳисобланади.
Заводга эҳтимолий ҳужум ҳақида Украинанинг «Exilnova» Telegram-канали ҳам хабар тарқатган.
«Supernova+» Telegram-канали эса кўп қаватли уйнинг юқори қаватлари яқинида портлаш акс этган видеони эълон қилди. «Астра»нинг ёзишича, тасвирларда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ишлаётганига ўхшаш овозлар эшитилади. Нашр видео Кириши шаҳрида олинганини билдирмоқда.
Ҳозирча жабрланганлар ҳақида маълумот берилмаган.
Россия Мудофаа вазирлиги эса тун давомида ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари Украинага тегишли 494 та учувчисиз учиш аппаратини тутиб, йўқ қилганини маълум қилди.
