Пашинян ШҲТ+ саммитида рус тили ўрнига арман тилида нутқ сўзлади
Арманистон бош вазири учрашув иштирокчиларига арман тилида мурожаат қилди ва таржимон хизматидан фойдаланди.
Арманистон бош вазири Никол Пашинян МДҲ давлатлари раҳбарлари орасида Бишкекдаги «ШҲТ плюс» саммитида рус тилида эмас, бошқа тилда нутқ сўзлаган ягона раҳбар бўлди.
Пашинян ўз нутқини арман тилида сўзлади ва таржимон хизматидан фойдаланди. Қирғизистон, Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистон раҳбарлари эса рус тилида чиқиш қилди.
Саммитнинг бошқа иштирокчилари — хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари — ўз она тиллари ёки инглиз тилидан фойдаланди.
Эътиборли жиҳати, Пашинян бунга қадар бундай халқаро тадбирларда анъанавий равишда рус тилида нутқ сўзлаб келган.
Арманистон бош вазири ўз чиқишида Россия президенти Владимир Путин билан Ереван ва Москва ўртасидаги муносабатларнинг кейинги стратегиясини муҳокама қилиш нияти борлигини билдирди.
Пашинян Жанубий Кавказда транспорт коммуникацияларини ривожлантириш, жумладан, Зангезур коридори лойиҳасини амалга ошириш масаласига ҳам тўхталди. Ушбу лойиҳа «Халқаро тинчлик ва фаровонлик учун Трамп маршрути» (TRIPP) деб ҳам аталмоқда.
ШҲТ саммити ва «ШҲТ плюс» форматидаги учрашув 31 август ва 1 сентябрь кунлари Бишкекда бўлиб ўтди.
